Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ОКМК томонидан Мис комплексини қўриқлаб келаётган ҳарбий хизматчиларга муносиб совға ҳозирланди.
Жорий йилнинг 7 январь куни Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида ОКМК ҳомийлигда барпо этилган замонавий инфратузилмага эга янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Мудофаа вазири мазкур бинони қуриш ва таъмирлаш ишларида яқиндан кўмак берган ОКМК раҳбариятига миннатдорчилик билдириб, ҳарбий қисм шахсий таркиби учун янги хизмат автомобиллари калитларини топширди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида 3-Мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши муносабати билан қўриқлаш хизматини кенгайтириш ва ҳарбий хизматчилар малакасини оширишга муносиб шароит яратиш мақсадида қурилган мазкур уч қаватли бино 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, ундаги 50га яқин хоналарда жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик синфлари, кутубхона, IТ хонаси ҳамда хизмат хоналари замон талаблари асосида ташкил этилиб, энг сўнги жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, бинонинг ён қисмида 20та махсус ҳарбий техникага мўлжалланган ёпиқ автотураргоҳ ҳам барпо этилди.


