● Олма қоқи. Организмни токсинлардан тозалайди
Таркибида В, С ва РР витаминлари, калий, кальций, темир, фосфор минераллари мавжуд.
Олма қоқисида глюкоза кўп. Қоқи ўзида фойдалилик хислатларини сақлаб қолади ва микроэлементларга бой. Қоқи таркибида пектин бор. Пектин организмни заҳар, токсинлардан тозалайди. Қабзият қийнаётган бўлса, олма қоқиси жуда маъқул келади.
Олма қоқисини ўз ҳолича ёки гўшт қиймалагичдан ўтказинг. Қайнатиб олинг ва шакарни таъбга мослаб солинг. Дамланг. Дамламани асал билан ичиш мумкин. Қабзиятдан халос қилади. Дамлама ҳазм тизими фаолияти учун ҳам фойдали.
Ортиқча вазнли, қандли диабети бор инсонларга олма қоқиси тавсия қилинмайди.
● Олхўри қоқи. Ошқозон-ичак йўли фаолиятини яхшилашда ажойиб воситадир, у қабзиятдан халос қилади ва овқат ҳазм қилиш жараёнини тартибга солади. Шунингдек, гипертониядан азоб чекадиган, юрак ва жигар билан боғлиқ муаммолари бўлган кишилар учун ҳам айни муддаодир. У ревматизмда ҳам қўл келади, таркибидаги А витамини эса кўриш қобилиятини яхшилайди.
● Узум қоқи. Бу маҳсулот инсон руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади ва ўт пуфаги касалликларини даволашда ҳам қўлланилади.
● Ўрик қоқи. Бу маҳсулот калийга бой бўлиб, юрак қон-томир касалликларида яхши самара беради.
● Хурмо қоқи (финики). Глюкозага бой бўлиб, ишчанлик қобилиятини оширади. Фойдали элементларга бой таркиби сабабли иммунитетни ҳам мустаҳкамлайди.
● Анжир қоқи. Ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди, бронхитни даволашда қўлланилади ва қуввацизликнинг олдини олади.
● Баргак (данаксиз туршак). Бу маҳсулот калийга бой бўлиб, юрак қон-томир касалликларида яхши самара беради.
Нозима Ўринова,
шифокор.