Дилшода опанинг умри давомида энг қаттиқ ишонган одамларидан бири жияни — Азим Маткаримов эди. У болалигидан етимдек қолган жиянини бағрига босиб, ўз фарзандидек тарбиялаган, нон-тузини улашган, қувончига ҳам, ташвишига ҳам шерик бўлган эди. Шу боис Азимнинг ҳар бир гапи унга ҳақиқатдек туюлар, шубҳа қилиш хаёлига ҳам келмасди.
2025 йилнинг февраль ойида жияни Бўкадаги уйига келиб қолди. Юзида илиқ табассум, сўзидаги дадиллик Дилшода опани мамнун қилди.
— Амма, Умрага боришга тайёрмисиз? — деди у паст, аммо ишончли овозда.
Бу сўз Дилшода опа қалбини титратиб юборди. У узоқ йиллардан бери муқаддас саёҳатга боришни орзу қилар, аммо моддий аҳволи бу орзуни фақат дуога айлантириб қўйган эди. У ростини айтди: нияти бор, лекин имконияти йўқ. Азим эса шошилмади. Гўё барчаси аллақачон ҳал этилгандек, хотиржам гапирди. Тошкентда танишлари борлигини, улар орқали ота-онасига, қудаларига Умра йўлланмалари олаётганини, агар насиб этса, аммасига ҳам эҳсон қилиб юборишини айтди. Бу сўзлар Дилшода опанинг кўнглига хуш ёқди. У ишонди. Ишонч эса кўпинча кўзни кўр, қулоқни кар қилади.
Орадан кўп ўтмай, жияни паспорт расмини сўради. Дилшода опа ҳеч иккиланмай юборди. Кейин эса телефон экранида Умра сертификатининг сурати пайдо бўлди. Шу дамдан бошлаб у ўзини сафарга ҳозирлай бошлади. Қўшниларга, танишларга айтди, дуолар олди.
— 18 февраль куни Олмалиқда, “Марҳамат” тўйхонасида сертификатлар тарқатилади, — деди жияни. — Шу ердан Умрага кетамиз.
Белгиланган кун келди. Дилшода опа умид билан тўйхонага йўл олди. Аммо у ерда на одам бор эди, на тантана.
Шу заҳоти Азимга телефон қилди. Телефон орқали жиянининг овози узоқдан, қоронғидай эшитилди. У пулларни олиб қочиб кетган “таниши” ҳақида гапирди. Айтишича шериги Обид Жовлиев одамлардан Умра учун йиғилган 1 млрд сўмга яқин пулларни олиб, Қозоғистонга қочиб кетипти. Дилшода опа жиянига ўзидан қанча пул кетганини сўрамади. Чунки унинг кўзида жияни ҳам жабрланувчи эди. У ишонган, у ҳам алдов қурбони бўлган, деб ўйлади.
Аммо ҳақиқат бошқача эди. Пулларини 50% жияни Азим олиб қолган. Сафарга боролмаган юзлаб зиёратчилар Азимни устидан ИИВ га ёзиб беришди.
Тергов жараёнида барча ишлар очиқланди. Банк ўтказмалари, телефон қўнғироқлари, овоз ёзувлари, ёзишмалар — барчаси Азим ва шериги Обид Жовлиев томонидан уюштирилган жиноят эканлиги аниқланди.
Суд залида ҳукм ўқилар экан, Дилшода опанинг афсуси кўзидан ёш бўлиб оқиб, юзини эмас, кўнглини музлата бошлади. Ахир, боласидан-да ортиқ яхши кўрган жияни уни ва унга ўхшаш зиёрат қилувчиларнинг орзуларини пучга чиқарди.
Икки айбланувчига 6 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда алдов йўли билан тортиб олинган пулларни тўлаш жазоси тайинланди. Энг оғир жазо эса, одамларнинг қарғиши бўлди.
М.Каюмов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.