Бир куни тушимда Каъбани кўрдим. Қора ипак каъбапўш осмон билан суҳбатда эди, мен эса унинг тепасида, бир арқонни маҳкам ушлаб турган эдим. Нега у ерда эканимни билмасдим, фақат қўрқмасдим. Бир дамда Каъба узра кўтарилиб, осмон томон учиб кетдим. Уйғонганимда юрагимда ажойиб ҳис қолган эди — гўё Аллоҳ қалбимга бир чақириқ ташлаб қўйгандек…
Ҳаёт ҳар кимни турфа хил йўллар билан синайди. Кимгадир давлат, кимгадир фарзанд яна кимларгадир бахтсизлик бериб. Мен ҳам биринчи оилам ўхшамагани учун иккинчи марта оила қурдим. Афсуски, у оиламдан ҳам бахт топмадим. Ҳар куни кесатишлар, камситишлар. Орада 16 га кирган ўғлим бағримни музлатиб оламдан ўтди. Кичкина ўғлимга кундан-кун боғланиб қолдим. Ўғлимдан кейин бир йил ўтмай, онам ҳам мени тарк этди. Ишонасизми, дунёга сиғмай кетдим ўша йиллари. Ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Лекин, ёлғизланиб қолган ўғлимни ўйладим.
Онамдан кейин уйга мени на отам, на укаларим сиғдирди. Ўзим ижарага уй олиб, ўғлим билан чиқиб кетдик. Бир куни уйга борсам, уйимдагилар Умра сафарига боришини айтиб қолди. Хабарни эшитиб, 25 йил олдин кўрган тушим наҳотки амалга ошади, деб хурсанд бўлиб кетдим.
— Мен ҳам Умрага борай, дедим, тўсатдан. Уйдагиларим рози бўлишди. “Майли, сен ҳам борасан”, дейишди. Мен эса ич-ичимдан: эҳсон учун олиб кетишса керак, деб ўйладим. Шукр қилдим, сукут сақладим.
Лекин, кетишга тўрт кун қолганда, дадамнинг сўзи қора булутдек бошимга ҳўрлик ёмғирини ёғдирди.
— Сен бормайсан. Ажрашиб келгансан, одамлар нима дейди? Уйингда ўғлингга қараб, жимгина ўтир. Онанг ҳаёт бўлганларида борардинг, деди дадам ғазабланиб.
Ўша ҳолатимни тасаввур ҳам қила олмайсиз, шу заҳоти дадамга қараб:
— Мендан ор қилманг, дада. Аллоҳнинг ёзгани шу экан, — дедим. Юрагим йиғлади. Ишонасизми, дод солдим. Ёш боланинг энг яхши кўрган ўйинчоғини тортиб олсангиз, у қандай сиқилса — мен ҳам худди шундай аҳволга тушдим.
Лекин тақдирга бош эгдим. Дадамга қарши чиқа олмасдим.
— Аллоҳ чақирса, бораман, — дедим кайфиятсиз.
Уч кун ўтди. Уйдагиларни кузатиш учун масжидга бордик. Қариндошлар:
— Сен бормайсанми? — дейишди.
— Йўқ, бошқа пайт, — дедим, юрагимда минг оғриқ билан…
Одана уч кун ўтар ўтмас тушлик пайтида телефон жиринглади.
— Зоҳида, тез ҳаракат қилинг! Бир танишимиз Умрага бора олмай қолди. Соат учда Тошкентга етиб келинг! Ўрнига сиз кетасиз.
Ишонасизми, телефон қўлимдан тушай деди. Қалтираб кетдим. Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Аллоҳга таслим бўлиш қандай гўзаллигини англаб етдим.
Дарҳол дадамга ёздим: Дадажон, мен сизнинг ёнингизга кетяпман. Бораверайми?
Жавоб қисқа бўлди: Йўқ…
Ишни тўхтатдим. Йигирма кунга жавоб олдим. Орзуларим ушалмай қолсачи? деган қўрқув ичида эдим. Банкка омонат қўйгандим, олишга бордим. Ишонасизми, ҳар куни гавжум бўладиган банкда ўша куни ҳеч ким йўқ эди. Гўё эшиклар ҳам, деворлар ҳам мен учун очилгандай.
Уч соат ичида Аллоҳнинг иродаси билан ўзининг даргоҳи томон кетаяпман. Ишонмай десам, билетларимни расмини жўнатишди. Йиғладим, дод дедим, наҳотки, дейман. Ишонасизми, Умрада кийишга кийимни мен учун етти ёт бегона инсон берди. Ҳатто бир сўм ҳам пул олмади.
Учиб кетаяпман ўша дамда битта фикр келди: Бу туш эмас. Бу — чақириқ. Йигирма беш йил олдин тушимда кўрган Каъба мени чақирган эди. Одамлар тўхтатди, синовлар синовга уланди, юрак синди… Лекин Аллоҳнинг “кел” деган чақириғи олдида ҳеч қандай тўсиқ қарши тура олмади.
Мадина шаҳрида дадам билан учрашдим. Дадам менга қарамади ҳам. Йиғладим. Элликбошимизга бор воқеани айтдим. Каъбани ёнида дуо қилинг, Аллоҳнинг меҳру ҳиммати барчага етади, деди. Ўша кун тинимсиз дуо қилдим. Каъбадан энди юзимни ўгириб кетаётгандим – Онажонимни кўрдим. Оппоқ либосда, оппоқ рўмолда. Қалбим таскин топди. Оқшом пайти дадам билан юзма-юз келдик. Мени оталарча мағрурлик билан бағрига босиб, пешонамдан ўпиб қўйди.
Биласизми, бандалари учун келаётган синовлар бу Аллоҳнинг қаҳридан эмас меҳридан нишона экан. Ҳар синовдан кейин ўзига яқинлашаверасиз, Ўзидангина умид қилишни ўрганасиз экан. Эскилар бекорга “Банданинг минг югургани, Аллоҳнинг бир буюргани”, деб айтишмас экан.
Азиз муштарий, ниятларингизни гўзал қилинг. Инсонлардан ҳеч нарса кутманг, талаб қилманг. Аллоҳга суянинг, Ўзига таслим бўлинг. Шундагина кўрасиз, ҳаётнинг гўзаллигини.
Дилфуза РЎЗИЕВА
оққа кўчирди.