Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ушбу байрам тадбири юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли бурчни ўз зиммасига олган мард ва жасур ҳарбий хизматчиларга чуқур ҳурмат-эҳтиром ифодаси бўлди.
Тадбирда Қуролли Кучлар сафида фидокорона хизмат қилиб келаётган ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Маросимда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Зоир Мирзаев сўзга чиқиб, йиғилганларни улуғ айём билан табриклади. Ўз нутқида у Президентимиз — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони раҳбарлигида мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди.
Хусусан, қўшинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, замонавий ва тезкор армияни шакллантириш борасида изчил ишлар олиб борилаётганини эътироф этди.
Маросим давомида Ватан ҳимояси йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар эътироф этилиб, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тантанали тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар санъат элементларини ўзида мужассам этган, Қуролли Кучлар қудрати ва аскарларимизнинг юксак маҳоратини намойиш этувчи кўргазмали чиқишлар тақдим этилди.
Ушбу намойишлар томошабинларда катта таассурот қолдириб, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Байрам дастури хушовоз хонандалар, таниқли санъаткорлар, ҳарбий оркестр ҳамда бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари ижросидаги она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан янада файзли тус олди.
