Бугунги кунда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан барча давлат ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда бошқа жамоат масканларида “Хавфсиз хонадон” мавзусида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Тарғибот ишлари давомида иштирокчиларга кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатлар, жумладан, ёнғин хавфсизлиги, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, зилзила вақтида ўзини тутиш қоидалари ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича тушунчалар берилди. Мутахассислар томонидан содда ва тушунарли мисоллар асосида хавфли ҳолатларнинг олдини олиш йўллари тушунтирилди.
Мактаб ва боғчаларда ўтказилган учрашувларда болаларнинг ёшига мос тарзда кўргазмали қуроллар, плакатлар ва амалий машғулотлардан фойдаланилди. Бу эса болаларда хавфсизлик қоидаларига нисбатан қизиқиш уйғотиб, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур тарғибот тадбирларининг асосий мақсади — фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолининг огоҳлигини ошириш ва “Хавфсиз хонадон” тушунчасини ҳар бир оиланинг ҳаёт тарзига сингдиришдан иборатдир. Бундай тадбирлар келгусида ҳам мунтазам равишда давом эттирилиши режалаштирилган.
Х.Элбоев,
шаҳар ФВБ ФВПБ катта инспектори маёр
Н.Ашуралиев,
шаҳар ФВБ ФВПБ инспектори катта лейтенант