Отадан жуда эрта етим қолганмиз. Мен ҳали мактабни ҳам битирмаган эдим. Совуқ октябрнинг совуқ ҳавоси ҳам юракларимизни, ҳам ҳаётимизни музлатиб кетган эди. Вояга етмаган уч фарзанд, хусусий дўконда сотувчи бўлиб ишлайдиган онам билан қолган эдик. Ейман, ичаман, кияман дейдиган вақтимиз. Болалар каттарган сари, унга кетадиган харажатлар ҳам каттариб боради дейишади-ку, шу даврда эдик ҳаммамиз. Мактаб форма, ўқув қурол… Буларнинг барчаси албатта пул, бундан ташқари энди ўсмирлик давримизда отамизни йўқотиш бизга анча руҳий-маънавий босим олиб келган эди.
Отамлар оилада беш фарзанд — бир қиз, тўрт ўғил бўлган. Ҳаммаси оилали, бола-чақали эди. Отам ўғиллардан иккинчи фарзанд, асосан уйнинг барча кирим-чиқимларини деярли ўзлари қоплардилар. Тўртала ўғилнинг ҳам рўзғори бўлак, ҳамманинг ўз бошпанаси бор эди. Шу вақтгача ҳеч қандай иқтисодий муаммолар бўлмаган. Отамизни тупроққа қўйгандан кейин бошланди ҳаммаси, амакиларимнинг (биз уларни ака дер эдик) асл юзлари билинди… Йўқ, менинг ҳикоям сиз ҳар куни телевизорда кўрадиган, ёки ҳикоясини эшитган оқибатсиз инсонлар ҳақида эмас.
Ака ёки ука вафот этгандан кейин, унинг ортида қолган барча маҳрамлари қолган жигарларига омонат қолар экан. Менинг акаларим эса, ўша омонатни жуда гўзал сақлашди. Оила катталари шундай тарбия қилган эдики, фарзандларини тўрт ўғил, тўрт келин ҳеч қачон бирон нарса устида тортишмаган, ўрталаридан совуқ гап ўтмаган. Бирон мол устида сеники-меникига борилмаган. Бувижоним қариган чоғларида икки нафар фарзандларини тупроққа қўйдилар, менинг отам 44 ёшларида вафот этган бўлсалар, орадан икки йил ўтиб, отамнинг жудолиги очган яра қуримай туриб, иккинчи амаким ҳам вафот этдилар. Улар ҳам айни, навқирон 44 ёшида эди. Ҳар иккала ўғлидан биз етимлар йиғлаб қолдик. Ўша дамда билинмаган, ҳозир ўша вақтларни эсласам, чумчуқ болалари каби қолган эканмиз отамиз ортидан чириллаб.
Шу чоғда айримлар: “Болам кўрмади шу кунларни, сенларга нега бўлсин”, деб келин ва фарзандларини хор қилади.
Бу воқеаларни кунора ё кўрамиз, ё эшитамиз. Алҳамдулиллаҳ, бизларда бундай ҳолат ҳеч бўлмаган, рўзғорни бўлак қилиб, янги иморат солиб чиққан вақтларимиз эди. Ҳовлида кўп нарсалар ҳали битмаган, уйнинг камчиликлари анча эди. Шу вақтларда кичик амаким ва бувим бизларни ҳеч қачон ўкситмай ҳамма ишларимизда ёнимизда турдилар. Иккинчи амаким, энди иморат солиш ниятида турганларида вафот этдилар, уларнинг уйларини пойдевордан бошлаб, қурилишига шу акам ёрдамчи бўлди.
Ҳозир ўйласам, бувижоним қилган бу ишларга унча-мунча онанинг иродаси етмас экан. Биз эса буни жуда оддий қабул қилганмиз. Чунки ҳаммани шундай деб ўйлаганмиз, яқинларга, жигарларга шундай ёрдам берилади деб тушунганмиз, аслида ҳамма ҳам ундай эмаслигини ёшимиз улғайиб, атрофни кўргандан кейин тушуниб етяпмиз. Шу кичик амакимдан бирон оғир гап эшитмаганмиз, ваҳолангки, уларни ҳам ўз рўзғорлари, кичик ёшдаги болалари бор эди. Шунда баъзи нарсалар эсимга тушади, ҳар шанба ёки якшанба бозорга бориларди рўзғор учун. Шунда ун тугаб қолган бўлса амаким учала уйга ҳам қопда ун олар эканларда пулини олмай бизга ташлаб кетар эканлар. Онамдан “Аканг уннинг пулини яна олмади”, деганларини тез-тез эшитардим. “Бунинг пулини олмади, уни ўзи тўлаб қўйибди, бу нарсани олиб келди…”. Бу рўйхат узун чўзилади. Шу вақтларда ҳам мен таҳририятга қатнаб шеър ёзиб юрардим. Ҳар жума кунлари газетага шеъримни ташлаб келаман. Оқ қоғозга қўлда ёзиб, бирон ҳафта қолдирмай бораман. Шеърларим йилига уч–тўрт марта босиларди. Шунда бир журналист опа чақириб айтгандилар: “Зиёда, сизни ҳар ҳафта кўраман, шеър олиб келасиз, шеърларнинг кетиши сал қийин, бирон байрам муносабати билан бўлмаса, деярли кетмайди, сиз кичик ҳикоялар ёзинг, ҳикоя ҳар сонида берилади”. Эсимда баъзиларини қўлда ҳам ёзиб олиб борганман, шунда мендан компьютер вариантда ёзишни сўрашганди, иккинчи амакимларнинг уйида компьютерлари бор эди. Уларникида амаллаб ёзиб, чиқарардик, лекин бу мен учун жуда ноқулай, ижодкор одам сокинликни истайди, тинч жойда ижод қилишни хоҳлайди. Келинойимларникида ҳам ҳамма амакивачалар кичик бўлгани учун, битта ҳикояни наридан бери териб, олиб борардим. Шундай кунларнинг бирида коллежда биринчи курсни битиргандим, ёзги таътил вақтларида кичик амаким қўлида ўралган қути билан келиб қолдилар ва “Сени туғилган кунингга совға”, дедилар, лекин туғилган кунимга ҳали бор эди. Қўлларидагини мен ингичка экранли телевизор деб ўйладим, чунки ўша вақтлар шундай телевизорлар энди оммалашаётган вақт эди. Кейин очиб қарасак, яп-янги ноутбукнинг энг охирги модели. Жуда хурсанд бўлганман. Бу вақтларда одамларнинг уйида компютер йўқ, ноутбук ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди. Жуда хурсанд бўлганман, олиб келганлари, берганлари ҳалиям ёдимда, шундан кейин бу ноутбук жуда ёрдамчи бўлди менга, қанча-қанча ҳикоялар, мақолалар ёзилди, университетга кирдим, илмий ишлар қилинди. Ноутбугим борлиги кўп жабҳада ёрдамчи бўлди, вилоят ва республика газеталарида деярли ҳар сонида ҳикояларим босиб чиқилди. Бунда эса бу беминнат ёрдамчи менга жуда асқотди ва ҳалиям ишимга ёрдамчи шу. Мен уни ҳалиям ишлатаман, биз қадрдонлармиз. Ҳозир анча иши енгиллаб қолган, хўжайни бироз уй ишлари билан машғул бўлиб, унутиб қўйса-да, хотирасида анча-мунча меҳнатларим сақланиб турибди. Ҳозир ўйлаб қоламан, акамга ҳеч қачон олиб беринг демаганман. Фақат адажоним айтардилар: “Ўнта мақтов ёрлиқ олсанг оламиз”, деб, мен шунга ҳаракат қилиб, ҳар йили ўқув йили сўнгида аъло баҳоларим учун тақдирланардим, унақа мақтов ёрлиқларидан уйда ҳозир жуда кўп. Отам тирикликларида ҳам, отам айтган миқдорга етиб қолган, олиб бериш арафасида эдилар. Балки шу гапларни эшитганмидилар акам, билмайман. Бувижонимга ҳам индамай, аммамнинг ўғилларини олиб, Тошкентдан олиб келган эканлар ва бу ҳадяларини бирон марта миннат қилмаганлар, шу вақтда келинойимга ҳам раҳмат дейман, чунки фарзандлари ризқини бўлиб, менга бундай қимматбаҳо совға олишлари ва бунга қаршилик билдирмаганлари менимча, ҳамма ҳам қилмайди.
Ҳаётимизда бунга ўхшаш воқеликлар жуда кўп, мен фақат жуда кичик бир мисолни эсладим. Ҳозир атрофимиз моддият устига қурилган, кўп ака-укалар ҳали тириклик чоғларида бир-бирлари билан ҳали мулк, ҳали мерос талашган бир вақтда, акаларидан омонат қолган етимларнинг бошини силаб, кўнгилларига қувонч улашган бундай инсонларни албатта, ёзиш керак деб билдим. Зулматда нур кўтариб чиқиш яхши амалдир, чунки ҳар куни кўраётганимиз инсонийликдан узоқда бўлган кино-ю, кўрсатувлар инсонлар онгида бу каби ишларни жуда оддий ҳолдек кўрсатиб қўймоқда. “Битта мен эмас, мана ҳамма шунақа”, деган ўй билан яшаётганлар ҳам бор, лекин мен ҳамма ҳам бирдек эмаслигини ёзмоқчи эдим. Ёзганларим шунчаки хотира, унда ҳеч бир бадиий бўёқ ёки тўқима образ йўқ.
Биз уларга ҳали бирон яхшилик билан жавоб қайтаришга қодир бўлмадик, лекин дуодамизки, Аллоҳим, бизни ҳам бизга яхшилик қилганлар устида яхшилик қилишга қодир қилсин. Акажон, ҳеч нарса унутилмаган, ҳаммаси қалбда, албатта, ҳали биз учун қилганларингизни гўзал суратда қайтарамиз. Сиз бу яхшиликларни қайтиши учун қилмаганингизни ҳам яхши биламиз. Роббим, бизни суюнтирганларни сен ҳам суюнтир.
Зиёда Фарҳод қизи,
19-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.