Даркнет — интернетнинг алоҳида техник қисми бўлиб, унга оддий браузерлар орқали кириб бўлмайди.
Интернет фақат Google ва Telegram’дан иборат эмас. Мутахассислар интернетни шартли равишда уч қатламга бўлишади.
Биринчиси — очиқ интернет (Surface Web). Бу ҳаммага таниш сайтлар: ОАВ, ижтимоий тармоқлар, давлат порталлари, онлайн хизматлар. Қидирув тизимлари уларни бемалол топади.
Иккинчиси — ёпиқ, лекин қонуний ҳудуд (Deep Web). Масалан, банк иловалари, шахсий кабинетлар, тиббий ёки давлат базалари. Уларга логин-парол билан кирилади, шунинг учун қидирув тизимида кўринмайди. Бу табиий ҳолат.
Учинчи қатлам эса — даркнет. Айнан баҳслар шу ерда бошланади.
Даркнет қандай ишлайди?
Даркнетга Tor каби махсус тармоқ ва дастурлар орқали уланилади. Бундай технологияларда фойдаланувчининг интернет-трафиги бир нечта шифрланган “узел”лар орқали айланма йўл билан ўтади. Шу сабабли ҳақиқий IP-манзил ва жойлашувни аниқлаш деярли имконсиз бўлади.
Натижада сайт эгаси кимлиги, маълумотни ким жойлаштиргани ёки харидни ким амалга оширганини кузатиш анча мушкуллашади. Айнан шу юқори даражадаги анонимлик даркнетни ноқонуний савдо ва ўғирланган маълумотлар тарқалиши учун “қулай майдон”га айлантирган.
Анонимлик эса икки хил мақсадда ишлатилади: цензура кучли бўлган давлатларда эркин мулоқот қилиш ёки ноқонуний фаолиятни яшириш. Афсуски, амалиётда иккинчи ҳолат тез-тез учрайди.
Нега сиздирилган базалар айнан даркнетда пайдо бўлади?
Даркнет йиллар давомида ўғирланган маълумотлар айирбошланадиган бутун бошли “инфратузилма”га айланиб бўлган. Бу ерда махсус форумлар, ёпиқ чатлар ва маркетплейслар мавжуд бўлиб, уларда хакерлар, фирибгарлар ва воситачилар ўзаро тўғридан-тўғри савдо қилади. Сотувчилар маълумотлар базасини жойлаштиради, харидорлар эса рейтинг ва “обрў” тизими орқали ишончли таклифларни танлайди. Тўловлар асосан криптовалютада амалга оширилгани учун молиявий из қолмайди, сайтлар эса тарқоқ серверларда ишлагани сабабли уларни тезкор ёпиш ёки блоклаш амалда жуда қийин.