Бугунги кунда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, мактабларни замонавий талаблар асосида ривожлантириш ва ўқувчиларни жамият ҳаётида фаол иштирокчи сифатида шакллантириш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсад йўлида амалга оширилаётган “Менинг мактабим” ташаббуси барча умумтаълим муассасаларига янгича руҳ, очиқлик ва ташаббускорликни олиб кирди.
“Менинг мактабим” — бу умумтаълим муассасаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ лойиҳа ҳисобланади. Ушбу лойиҳа орқали ўқувчилар, педагоглар ва жамоатчилик вакиллари мактаб инфратузилмаси, таълим сифати ҳамда тарбиявий муҳитни яхшилаш бўйича ўз ғоя ва таклифларини илгари суриш имкониятига эга бўлмоқда. Лойиҳа жараёнлари очиқ овоз бериш асосида амалга оширилиб, энг долзарб, инновацион ва амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлган ташаббуслар саралаб олинади. Энг муҳими, ушбу жараён ўқувчиларни фақатгина таълим олувчи эмас, балки ўз мактабининг тақдирига дахлдор фаол иштирокчи сифатида шакллантиради.
2025-2026 ўқув йили учун “Менинг мактабим” ташаббуси доирасида Олмалиқ шаҳридаги 23 та умумтаълим мактабига жами 1 миллиард 380 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳисоб-китобларга кўра, шаҳримиздаги 23 та мактабнинг ҳар бирига ўртача 60 миллион 187 минг сўмдан тўғри келмоқда.
Мазкур маблағлар мактабларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги асосий йўналишларга йўналтирилди: интерактив сенсорли панеллар ва электрон доскалар; информатика ва IT хоналари жиҳозлари; видеокузатув тизимлари орқали хавфсизликни кучайтириш; фан хоналари учун лаборатория ва макетлар; спорт ва маданий-маърифий анжомлар; касб-ҳунарга йўналтирувчи ускуналар.
“Менинг мактабим” лойиҳасининг энг муҳим жиҳати шундаки, у ўқувчиларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этади. Улар ўз мактаблари учун зарур деб ҳисоблаган лойиҳаларни таклиф қилиб, овоз бериш орқали ғолибларни аниқлашда бевосита иштирок этади. Энг муҳими, лойиҳа учун ўша мактабда таҳсил олаётган 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчиларгина овоз бера олади. Бу ёшларда масъулият, фаол фуқаролик позицияси ва ижтимоий фикрлашни шакллантиришга хизмат қилади, десак адашмаган бўламиз.
| № | Мактаб | Лойиҳа номи | Ажратилган маблағ |
| 1 | 1-мактаб | Фаоллар зали учун замонавий махсус жиҳозлар, тикиш машинаси | 60 млн.сўм |
| 2 | 2-мактаб | Интерактив панел, камера, мини зоопарк | 60 млн.сўм |
| 3 | 3-мактаб | Стол-стул, камера, принтер | 60 млн.сўм |
| 4 | 4-мактаб | Интерактив панел, пианино, радиоузел | 60 млн.сўм |
| 5 | 5-мактаб | Жалюзи, LED монитор, интерактив доска | 60 млн.сўм |
| 6 | 7-мактаб | Интерактив доскалар | 60 млн.сўм |
| 7 | 8-мактаб | Интерактив панел, синф жиҳозлари | 60 млн.сўм |
| 8 | 9-мактаб | Интерактив панел, биология макетлари | 60 млн.сўм |
| 9 | 10-мактаб | Интерактив панел, самовар | 60 млн.сўм |
| 10 | 11-мактаб | Синф жиҳозлари | 60 млн.сўм |
| 11 | 12-мактаб | Интерактив доскалар | 60 млн.сўм |
| 12 | 13-мактаб | Фаоллар зали, интерактив дисплей | 60 млн.сўм |
| 13 | 14-мактаб | Интерактив панел, китоб жавони | 60 млн.сўм |
| 14 | 15-мактаб | Интерактив панел, жавонлар | 60 млн.сўм |
| 15 | 16-мактаб | Парталар, интерактив доска | 60 млн.сўм |
| 16 | 17-мактаб | Интерактив панел, проектор, стол ўйин | 60 млн.сўм |
| 17 | 18-мактаб | Интерактив мультимедиа доскаси | 60 млн.сўм |
| 18 | 19-мактаб | Кузатув камералари, интерактив доска, радиоузел ҳамда робототехника тўплами | 58,5 млн.сўм |
| 19 | 20-мактаб | Интерактив панел, видеокузатув тизимлари, спорт анжомлари ва парталар | 60 млн.сўм |
| 20 | 21-мактаб | Спорт зали жиҳозлари, интерактив панел, рангли принтер, кутубхона учун махсус жиҳозлар | 59 млн.сўм |
| 21 | 22-мактаб | Информатика ва ахборот технологиялари хоналари, синф хоналари жиҳозлари ҳамда мактаб бурчаги учун мини зоопарк | 59,5 млн.сўм |
| 22 | 23-мактаб | Интерактив сенсорли панел ва инсон аъзолари макетлари | 60 млн.сўм |
| 23 | 24-мактаб | Интерактив сенсорли панел ҳамда кузатув камералари | 56 млн.сўм |
Мухлиса Раҳматуллаева.