Онкология – бу касалликнинг номини эшитган одам ўрнидан қалқиб кетади. Нимага дейсизми? Халқимиз онгида асрлар оша муҳрланиб қолган бир ғоя бор — “Онкология-ўлим!”. Аслида ҳам шундаймикан? Наҳотки, тиббиёт ривожланган даврда касалликка чора топилмаётган бўлса? Ҳеч қандай профилактик текширувлар йўқми? Нима сабабдан ҳар саккиз аёлнинг бирида онкологик касаллик мавжуд? Келинг, барчасига тўхталиб ўтсак.


Аёллар орасида энг кўп учрайдиган саратон турларига кўкрак саратони, бачадон бўйни саратони, бачадон (эндометрий) саратони, ҳамда тўқималар (яйичник) саратони киради. Ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашда профилактик тиббий текширувлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аёллар кўп ҳолларда касаллик белгилари пайдо бўлмагунча шифокорга мурожаат қилишмайди. Бу эса касалликни кеч босқичда аниқланишига сабаб бўлади.
Профилактик тиббий текширув — бу соғлом инсонда касалликни эрта босқичда аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тиббий кўрик ва таҳлиллар мажмуасидир. Онкологияда бундай текширувлар “скрининг” деб аталади. Эрта босқичда аниқланган саратон 90–95% ҳолларда самарали даволаниши мумкин. Кеч босқичда эса даволаш жараёни қийин ва мураккаб кечади.
Кўкрак саратони аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик касалликдир. Мамлакатимизда ҳам бу касаллик сони ортиб бормоқда. 40 ёшдан ошган аёлларга ҳар 1–2 йилда маммографиядан ўтиш тавсия этилади. Маммография — кўкракдаги кичик, ҳали қўл билан сезилмайдиган ўзгаришларни ҳам аниқлай олади.
Бачадон бўйни саратони асосан инсон папиллома вируси билан боғлиқ. Ушбу касалликни эрта аниқлаш учун ПАП-тест ўтказилади. 21 ёшдан бошлаб ҳар 3 йилда ПАП-тест топшириш тавсия этилади. Шунингдек, HPVга қарши вакцина ҳам касаллик профилактикасида муҳим ўрин тутади. Бу борада халқаро ташкилотлар, жумладан UNICEF ва World Health Organization томонидан кенг қамровли эмлаш дастурлари амалга оширилмоқда.
Тухумдон саратони “сукутли қотил” деб аталади, чунки дастлабки босқичларда аниқ белгилари бўлмайди. Шу сабабли мунтазам гинекологик кўрикдан ўтиш жуда муҳим. Бачадон (эндометрий) саратони эса кўпроқ менопауза ёшидаги аёлларда учрайди. Нормадан ташқари қон келиш ҳолатлари дарҳол текширувни талаб қилади.
Профилактика нафақат бир инсон саломатлигини, балки бутун оиланинг барқарорлигини таъминлайди.
Маҳфуза ҲОШИМОВА
Республика Онкология ва Радиология илмий амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиали ҳамшираси.