Қутуриш — одам ва ҳайвонлар учун жуда хавфли юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Бу касаллик асосан ит, мушук ҳамда ёввойи ҳайвонлар тишлаганда, тирнаганда ёки сўлаги орқали инсонга юқади. Энг ачинарлиси, қутуриш касаллиги ривожланганидан кейин унинг давоси йўқ ва аксарият ҳолларда ўлим билан якунланади. Шу сабабли ҳар бир инсон қутуриш касаллигидан сақланиш чораларини яхши билиши ва уларга қатъий амал қилиши зарур.
► Мутахассисларнинг таъкидлашича, дайди ит ва мушуклар қутуриш касаллигининг асосий тарқатувчиларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун маҳалла ва кўчаларда дайди ҳайвонлар аниқланганда тегишли ободонлаштириш ёки ветеринария хизматларига зудлик билан хабар бериш лозим. Хонаки ит ва мушук боқувчилар эса ўз ҳайвонларини ветеринария назоратидан ўтказиб, қутуришга қарши эмлатишлари шарт. Эмланган ҳайвон учун махсус ветеринария паспорти расмийлаштирилиши керак. Бу нафақат ҳайвоннинг, балки оила аъзоларининг ҳам хавфсизлигини таъминлайди. Айниқса, болаларни назоратсиз ҳайвонларга яқинлаштирмаслик муҳим аҳамиятга эга. Чунки болалар кўпинча ҳайвонлар билан ўйнаш жараёнида тишланиш, тирналиш ёки сўлакланиш каби жароҳатлар олишлари мумкин.
Қутуриш касаллигининг давоси йўқ!
Унинг олдини олиш эса ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Оила аъзоларингиз, фарзандларингиз ва қўшниларингизни ушбу хавфли касалликдан огоҳ этинг. Ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик орқали инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Ноила Хайдарқулова,
шаҳар Санэпид бўлими ходими.