Февраль ойи — тарих ва миллий маънавият ойлиги муносабати билан шаҳримиздаги 17- ва 22-умумтаълим мактабларида “Навоийхонлик ҳафталиги” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар ёш авлод қалбида миллий ғурур, маънавий камолот ва буюк аждодларимиз меросига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хусусан, 17-мактаб 4-синф ўқувчилари иштирокида “Буюк сиймолар” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир давомида ўқувчилар буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб, унинг рубоий ва ғазалларидан намуналарни ёд айтишди.
Жозибадор рақслар ва саҳна кўринишлари орқали меҳмонларга кўтаринки кайфият улашилди. Тадбирни ташкил этишда устозлар — Дилдора Абдуқодирова, Ҳилола Носирова, Сайёра Умарова ҳамда Мадина Салимбоевалар ўқувчиларга яқиндан кўмак бериб, уларнинг иқтидорини намоён этишларига кўмаклашишди.
22-мактабда эса “Икки буюк сиймо” шиори остида маънавий тадбир ва “Ғазалхонлик” кечалари ташкил этилди.
Бошланғич синф ўқувчилари томонидан “Қовун иси”, “Алишернинг болалиги” мавзуларида саҳна кўринишлари, ғазал ва рубоийлар маҳорат билан ижро этилди. Тадбирда Олмалиқ шаҳар депутати А. Жўраев ва Фурқат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Д. Ёқубова ҳам иштирок этиб, шоир мероси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Мухлиса Раҳматуллаева.