Муборак Рамазон ойи кириб келиши билан халқимиз қалбида эзгулик ва саховат каби такрорланмас фазилатлар янада ўзгача тусга киради. Ушбу ойда ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак қўли чўзилади, беморлар йўқланади, хайр-эҳсон қилинади.
Мана шундай хайрли ишлардан бири шаҳримизнинг «Ойдин» деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркасидир.
Рамазон ойида ҳар бир хонадон дастурхони тўкин, кўнгли хотиржам бўлиши жуда муҳим. Шу боис мазкур ярмаркадан кўзланган асосий мақсад — аҳолини, айниқса эҳтиёжманд оилаларни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан таъминлаш, бозорларда нарх-навони барқарор сақлашдан иборат. Ярмаркада кундалик истеъмол учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар таклиф этилмоқда.
Жумладан, янги сўйилган қўй ва мол гўштлари, сифатли ун ва ун маҳсулотлари, турли хил ёғ, шакар, гуруч, макарон, картошка, пиёз, сабзи каби сабзавотлар ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархларига нисбатан сезиларли даражада арзон нархларда сотилмоқда. Маҳсулотлар тўғридан-тўғри фермер ва ишлаб чиқарувчилардан олиб келинаётгани сабабли, ортиқча воситачиларсиз, очиқ ва шаффоф тарзда савдо қилинаяпти. Шунингдек, гуруч ва шакар каби талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳам белгиланган меъёр асосида сотилмоқда. Ярмарка фаолияти маҳаллий ҳокимият, мутасадди ташкилотлар ва бозор раҳбарияти томонидан қатъий назоратга олинган. Савдо жараёнларининг шаффофлиги, маҳсулот сифати ва нархлар барқарорлиги устидан мунтазам мониторинг олиб борилмоқда. Харидорлар учун қулай шароит яратилган бўлиб, савдо жойлари тартибли жойлаштирилган.