Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган буюк сиймолардан бири — Амир Темурдир. Унинг ҳаёти, давлат бошқарувидаги доно сиёсати ва юксак инсоний фазилатлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, Соҳибқироннинг бой мероси ёш авлодни маънавий етук, ватанпарвар ва масъулиятли инсонлар этиб тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Амир Темурнинг энг катта тарихий ютуқларидан бири — марказлашган, кучли ва барқарор давлат барпо этганидир. У асос солган Темурийлар давлати ўз даврида кенг ҳудудларни қамраб олган, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан юксак тараққиётга эришган салтанатга айланди. Соҳибқирон ўзининг ҳарбий маҳорати, стратегик тафаккури ва қатъий интизоми билан нафақат жанг майдонларида, балки давлат бошқарувида ҳам буюк муваффақиятларга эришди.
Унинг бунёдкорлик ишлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Айниқса, Самарқанд шаҳрининг гуллаб-яшнаши, илм-фан ва маданият марказига айланиши Амир Темурнинг узоқни кўра билган раҳбар эканини яққол намоён этади. У олимлар, санъаткорлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб, жамиятнинг маънавий салоҳиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшди.
Соҳибқирон фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири — адолат тамойилига қатъий амал қилганидир. Унинг «Куч — адолатда» деган ҳикмати нафақат ўша давр, балки бугунги жамият учун ҳам долзарбдир. Адолат, ҳалоллик ва тартиб-интизомга асосланган бошқарув тизими давлат барқарорлигининг муҳим омилига айланган. Амир Темурнинг шахсий фазилатлари бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактабидир. У ўз мақсадларига эришишда қатъиятли, иродали ва сабрли бўлган. Ҳаётидаги мураккаб синовлар уни янада чиниқтириб, буюклик сари етаклаган. Бу эса ёш авлодга ҳар қандай қийинчиликка бардош бериш, мақсад сари дадил интилиш зарурлигини ўргатади.
Шунингдек, Соҳибқироннинг илм-фанга бўлган эҳтироми алоҳида таҳсинга сазовор. У билимли инсонларни қадрлаган, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган. Бу жиҳат бугунги ёшлар учун доимий ўқиш, ўз устида ишлаш ва интеллектуал ривожланишга интилиш муҳим эканини англатади.
Амир Темур мероси — бу улкан тарбия мактабидир. Унинг ҳаёти орқали ёшлар қалбида ватанпарварлик, фидойилик, адолат ва масъулият каби юксак инсоний фазилатларни шакллантириш мумкин. Бугунги кунда ёшлар онгига ана шундай буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини сингдириш — маънавий-маърифий ишларнинг устувор вазифасидир.
Эъзоза Узақова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Олмалиқ шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси.