Саша кичик хонада ўтириб, деворга суянганча чуқур ўйга чўмган эди. Унинг ҳаёти аллақачон издан чиққан, суд, жазо, назорат — булар унга бегона эмасди. Бир неча ой олдин суд уни маъмурий назоратга олган, қоидаларни қатъий белгилаб берган эди.
— Уйдан чиқмайсан… ҳар ой рўйхатдан ўтасан… спиртли ичимликка яқинлашмайсан…
Соат тунги ўндан ўтганда, Саша уйдан чиқди. Эшикни секин ёпди. Атрофга қаради.
“Ҳеч ким кўрмади…” — деб ўйлади у. Бу унинг биринчи хатоси эмасди. У бир неча қадам ташлади. Совуқ ҳаво юзига урилди. Қисқа вақтга эркинлик ҳиссини туйди. Назоратсиз, чекловсиз…
Аммо бу эркинлик узоққа чўзилмади. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, унинг уйи эшиги тақиллади.
— Очинг!
Профилактика инспектори ва икки нафар гувоҳ эшик олдида турарди. Жавоб бўлмади.
— Йўқ экан, — деди инспектор. — Далолатнома тузамиз. Қоғозга ёзилди: “Г. Саша. текширув вақтида яшаш жойида йўқ”.
Саша эса ҳали бу ҳақда билмасди. У кўчада юрар, ўйларди: “Нима бўлибди, бир марта чиқсам…”.
Суд залида унинг боши эгилди. Судьянинг овози сокин, аммо кескин эшитиларди:
— Сиз маъмурий назорат қоидаларини қайта-қайта бузгансиз… Саша бошини кўтармади.
— Айбингизни тан оласизми?
— Ҳа… — деди у секин. — Пушаймонман.
“Агар ўша куни чиқмаганимда…”
Лекин ҳаётда “агар” деган сўз ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Суд ҳукми ўқилди… У 1 йил озодликдан маҳрум қилинди. Илгариги жазонинг ўталмаган қисми қўшилиб, якуний 2 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.