Куни кеча шаҳримиздаги 38-сонли мактабгача таълим ташкилотида МТТ тарбияланувчилари ўртасида “Табиат болалар нигоҳида” номли расмлар кўрик-танловининг шаҳар босқичи юқори савияда ўтказилди. Мазкур танлов болаларнинг ижодий қобилиятларини намоён этиш, уларда табиатга бўлган меҳр ва эътиборни янада кучайтиришга қаратилди.
Тадбирда иштирок этган кичик ижодкорлар ўзларининг ранг-баранг ва мазмунли расмлари орқали табиатга бўлган муносабатларини ифода этишди. Ҳар бир ишда болаларнинг беғубор нигоҳлари, орзу-умидлари ва тасаввур олами ўз аксини топди. Тақдим этилган ишлар Низом талабларига мувофиқ адолатли баҳоланди.
Танлов жараёни нафақат рақобат, балки дўстона муҳитда ўтди, десак муболаға бўлмайди. Болалар ўзаро мулоқот қилиш, фикр алмашиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий ва ижодий кўникмаларини ҳам ривожлантиришди. Шаҳар босқичи натижаларига кўра: 3-ўринни 13-МТТ тарбияланувчиси Рўзибек Умаров, 2-ўринни 38-ДМТТ тарбияланувчиси Ширина Арзиқулова ва фахрли 1-ўринни 3-ДМТТ тарбияланувчиси Имрон Усаров қўлга киритди.
Тадбир якунида мусобақа иштирокчилари муносиб тақдирланди. Ушбу танлов ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни табиатни асраш ва қадрлаш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Мухлиса Раҳматуллаева.