Қизамиқ — юқори юқумлилик даражасига эга, оғир кечувчи ўткир инфекцион вирусли касаллик бўлиб, бутун ер юзида болаларнинг ўлимига сабаб булади. Қизамиққ қарши эмлаш амалиётга киритилгунга қадар, яъни, ўтган асрнинг 60-йилларигача ҳар йили минглаб болалар қизамиқ билан касалланиб, асоратидан нобуд бўлар эди. Бутун дунёда, шунингдек, республикамизда 1963 йилдан бошлаб қизамиққа қарши вакцинани соғлиқни сақлаш тизимида миллий эмлаш календарига киритилиши узоқ умр кўришига замин яратилди.
Касаллик қандай тарқалади?
Қизамиқ касаллиги беморнинг акса уриши ва йўталиши натижасида ҳаво томчи йўли орқали юқади. Қизамиқ билан оғриган беморлар касаллик белгилари бошланишигача ва ундан сўнг бир неча кун давомида бошқаларни зарарлаши мумкин. Бу касаллик болалар боғчалари, мактаблар ва тиббиёт муассасаларида осон тарқалади. Вирус ташқи муҳитда ёки ҳавода 2 соат давомида фаол ва зарарли бўлиб қолади. Вирус қизамиқ беморидан тошмалар тошишидан 4 кун олдин ва тошма пайдо бўлгандан сўнг 4 кун давомида тарқалиши мумкин. Касаллик ўта юқори юқумлилик даражасига эга бўлганлиги сабабли, эпидемия кўринишида эмланмаган аҳоли ва болалар ўртасида кенг тарқалишига ва асорати болалар ўртасида ўлим кўрсаткичига олиб келади. Айни кунда, Республикамизда, жумладан, шаҳримизда қизамиқ касаллиги рўйхатга олинмоқда. Касаллик, асосан, четга бориб келаётган, қизамиққа қарши эмланмаган фуқаролар орасида рўйхатга олиниши хавфи ортиб бораяпти. Бунинг учун фуқаролардан имкон қадар касаллик рўйхатга олинаётган давлатларга бораётганда албатта, қизамиққа қарши эмлангани тўғрисидаги маълумотини поликлиникага мурожаат этиб олишларини тавсия этамиз.
Касаллик аломатлари:
Касалликнинг биринчи белгиси вирус юққанидан сўнг 1-7 кун давомида қуйидаги белгилар билан кечади:
- Бурун битиши, тумов;
- Кўзнинг қизариши;
- Оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватларида оқ майда доғлар;
- Ҳолсизлик;
- Йўтал;
- Тана ҳарорати кўтарилишининг 3-, 4-кунида тана бўйлаб тарқалган тошмалар; аввал юз ва бўйин соҳасида тошма пайдо бўлади, 5-,6 -куни тошма бутун танага тепадан пастга томон юз, бўйин, кейин қўл ва оёқларга тарқалади.
• Қизамиқ кўпинча бошқа касалликлар сабаб иммун тизими сустлашган, эмланмаган болаларда учрайди ва оғирроқ кечиши мумкин.
Кўриладиган чоралар:
Касаллик аломатлари кузатилганда, шифокорга эрта мурожаат қилиш ҳамда унинг тавсиясига кўра, даво муолажаларини олиш керак. Касалликдан кейинги асоратлар: — Қизамиққа қарши эмланмаган 5 ёшгача бўлган болалар, айниқса, чақалоқлар ўртасида касалланиш асоратларга олиб келиш даражаси юқоридир. Ҳар 20 нафар бемордан бирида зотилжам асорати кузатилади. Шунигдек, ҳар 1000 нафар бемордан бирида қуйидаги асоратлар кузатилади:
-энцефалит, ўрта қулоқнинг яллиғланиши, тўлиқ кўрлик, ўткир диарея, қизамиқ вируси келтириб чиқарган зотилжам ёки иккиламчи бактериал инфекция, қизамиқ касаллигидан ўлим ҳолатига олиб келадиган асосий асоратлар ҳисобланади.
Қизамиқнинг олдини қандай олиш мумкин?
Касалликнинг олдини олишда ягона чора касалликка қарши эмлашдир. Миллий эмлаш календарига асосан, қизамиққа қарши болаларни ҚПҚ — қизамиқ-паротит-қизилча вакцинаси билан режали эмлаш 1 ёш ва 6 ёшда оилавий поликлиникалар эмлаш хонасида хавфсиз эмлаш бўйича касбий тайёргарлиги оширилган тиббиёт ходими томонидан ўтказилади. Республикамизда Миллий профилактик эмлаш календарига мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, қизамиққа қарши режали эмлашлар ўтказилади.
Феруза Фазилматова,
шаҳар Санэпид бўлими эпидемиология
бўлими мудири.