Шаҳримиздаги 1-сонли техникумда “Ўзбекистон тарихи” фанидан навбатдаги очиқ дарс ташкил этилди. 02-24 гуруҳида ўтказилган мазкур дарс таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамият касб этади. Дарсни тарих фани ўқитувчиси Хумора Нурбекова олиб борди. У “Илм-фан, адабиёт ва санъат” мавзусини кенг қамровли ва қизиқарли тарзда ёритиб, ўқувчиларни фаол иштирокка чорлади. Дарс давомида замонавий интерфаол методлардан самарали фойдаланилди, турли хил шартли ўйинлар ва савол-жавоблар орқали ўқувчиларнинг мавзуга бўлган қизиқиши янада оширилди.
Айниқса, ўқувчилар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик ишлари ва кўргазмали материаллар дарснинг мазмундорлигини янада бойитди. Бу ишлар нафақат ўқувчиларнинг ижодий ёндашувини намоён этди, балки дарс кузатувчилари томонидан ҳам юқори баҳоланди. Дарс сўнгида ўқувчилар ва иштирок этган ўқитувчилар ўзаро фикр алмашишди. Ўқувчиларга уйга вазифалар берилди ҳамда дарсда фаол қатнашганлар рағбатлантирилди. Умуман олганда, ушбу очиқ дарс мазмунли, замонавий ва янгиликларга бой тарзда ташкил этилгани билан таълим жараёнидаги ижобий тажрибалардан бири сифатида эътироф этилди.