Безгак ўткир юқумли касаллик бўлиб, у анофелес чивини орқали юқади. Касаллик қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, талоқ ва жигарнинг катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Қўзғатувчи инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларига жойлашиб, уларни парчалайди. Натижада қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак-қон томир ва организмнинг бошқа тизимлари фаолияти издан чиқади.
Айрим ҳолларда касаллик жуда оғир кечади. Агар даволаш ўз вақтида бошланмаса, бемор бир неча кун ичида, айниқса тропик безгак турида, вафот этиши мумкин.
Тана ҳарорати кўтарилганда ёки безгакнинг бошқа белгилари намоён бўлганда, албатта тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур. Агар фуқаро сўнгги 3 йил давомида Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари ёки Тожикистон Республикасига бориб келган бўлса, безгак билан касалланиш хавфи юқори эканини инобатга олиш лозим. Бундай ҳолларда ҳар қандай дармонсизлик кузатилса, тиббиёт муассасасига мурожаат қилиб, бармоқдан қон таҳлили топшириш керак.
Касалликнинг клиник белгилари тўсатдан бошланади. Беморда иситма, қалтираш, тана ҳароратининг 41–41,5 °C гача кўтарилиши, юзнинг қизариши, нафас олишнинг қийинлашиши, ҳолсизлик ва кучли бош оғриғи кузатилади. Иситма бир неча соат давом этади, сўнг ҳарорат тез пасайиб, баъзан меъёрга тушади. Бу вақтда бемор қаттиқ терлайди. Кейинги куни ўзини яхшироқ ҳис этади, аммо бир муддатдан сўнг иситма яна такрорланади. Уч кунлик безгакда иситма ҳар икки кунда бир марта, тўрт кунлик безгакда ҳар уч кунда бир марта, тропик безгакда эса кўпинча ҳар куни кузатилади.
Бемор барвақт ва тўлиқ даволанса, соғлиги тикланади ҳамда атрофдагиларга касаллик юқиш хавфи бартараф этилади.
Фарруҳ Мусаев, шаҳар Санэпид бўлими бошлиғи.