Шаҳримиздаги 21-умумий ўрта таълим мактабида ёш авлодни билимга, тафаккурга ва тарихий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкиллаштирилиб келинмоқда. Хусусан, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳам ушбу мактабда ўзгача руҳда ўтказилди.
Мактабда таҳсил олаётган 7–8–9-синф ўқувчилари ўртасида “Куч адолатдадир” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Мазкур ўйин ўқувчиларнинг билим савиясини ошириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда жамоа бўлиб ишлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Қизиқарли ва муросасиз ўткан баҳсда ўқувчилар тарих, адабиёт, мантиқ ва умумий билимлар бўйича ўз салоҳиятларини намоён этишди.
Ўйин якунларига кўра: 1-ўрин 9-“Б” синф “Билимдонлар” гуруҳи, 2-ўрин 8-“Б” синф “Адолат” гуруҳи, 3-ўрин 9-“В” синф “Олмос” гуруҳи қатнашувчилари ғолибликни қўлга киритишди. Ғолиб жамоалар мактаб маъмурияти томонидан муносиб тақдирланиб, эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Бу эса ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади. Мазкур тадбир ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, улар қалбида миллий ғурур ва тарихий шахсларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Муборак Бўриева,
21-мактаб “Заковат” клуби координатори.