Ёз — болалар учун энг севимли ва интиқиб кутилган фасллардан бири ҳисобланади. Бу давр нафақат ҳордиқ чиқариш, балки янги билим ва кўникмаларни эгаллаш, дунёқарашни кенгайтириш ҳамда вақтни мазмунли ўтказиш учун катта имконият яратади. Боланинг ёзги таътили қандай ташкил этилса, унинг келажакка бўлган қизиқиши, ижтимоий фаоллиги ва шахсий ривожланиши ҳам шунга монанд шаклланади.

Ёзги таътил давомида футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт тўгаракларига қатнашиш болаларнинг чаққон ва иродали бўлиб улғайишига ёрдам беради. Шунингдек, рассомчилик, мусиқа, рақс ва қўл меҳнати каби машғулотлар уларнинг истеъдодини ривожлантириб, ижодкорлик қобилиятини оширади.
Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда китоб мутолаасининг ўрни беқиёсдир. Айниқса, “1 кунда — 1 соат ўқийман” қоидасига амал қилиш орқали уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш мумкин. Китоб инсоннинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, нутқини бойитади ва ҳаёт ҳақида чуқурроқ мушоҳада қилишга ўргатади. Шу ўринда болалар учун мутолаа қилишга тавсия этиладиган 5 та энг машҳур ва мазмунли асарлардан айримларини санаб ўтиш мумкин:
1.Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари — болаларни қувноқ саргузаштлар оламига етаклайдиган қизиқарли китоб.
- Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари — миллий болалар адабиётининг дурдоналаридан бири бўлиб, унда болалик дунёси самимий акс этган.
- Марк Твеннинг “Том Сойернинг бошдан кечирганлари” китоби — жасорат ва дўстлик ҳақидаги машҳур саргузашт асари.
- Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романи — инсон қадри ва ҳаёт ҳақида чуқур мушоҳадага чорлайди.
- “Кичкина шаҳзода” — дунё адабиётининг энг таъсирчан ва фалсафий асарларидан бири.
Нигора Абдуразакова,
22-умумтаълим мактаби
бошланғич синф ўқитувчиси.