Ғанишер Ботиров бу ишларни қилар экан, у ўзини жиноятчи деб ҳисобламаган эди. Унинг хаёлида ҳаммаси “оддий хизмат”дек туюларди: таниш-билишлар, кредит олиб бериш, ҳужжат тўғирлатиш… Шу ишлар орқали тезроқ пул топиш мумкин деб ўйларди. Аммо инсон бир марта нотўғри қадам қўйса, кейинги қадамлар ўз-ўзидан қинғирлашиб бораверади.
2025 йил февраль ойи. Ғанишерга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Ўзини Ойсулув деб таништирган аёл кредит олиш учун ёрдам сўради. Ғанишер аввал унга расмий иш жойи бўлмаса, банк кредит бермаслигини тушунтирди. Лекин аёл қайта-қайта қўнғироқ қилди. Гап орасида “иш ҳақи чиқариб бериш”, “доход қилиб бериш” каби ваъдалар бериб, Ғанишерни кўндирди.
Ғанишер аввал рад қилди. Кейин эса ўзи ҳам билмаган ҳолда бу таклиф атрофида айлана бошлади. Унинг танишлари бор эди. Бухгалтерия билан ишлайдиган одамлар, электрон калитлар, солиқ тизимига кириш имкони… Ҳаммаси қўл остидадай туюларди.
— Ойлик чиқариш мумкин, — деди у охири. — Лекин бу арзон эмас. Шу тариқа пул ҳақидаги биринчи келишув пайдо бўлди.
Орадан вақт ўтди. Ойсулув яна алоқага чиқди. Бу сафар у ёлғиз эмасди — дугонаси Муниса ҳам бор эди. Ғанишер уларга катта ваъдалар берди: банкда танишлар борлиги, 200 миллион сўм кредит чиқариб бериш мумкинлиги, фақат “расмий даромад” кераклигини айтди. Бунинг учун 30 миллион сўм, кредит чиққач яна 10 миллион сўм талаб қилди.
Аёллар ишонишди. Ғанишер эса бу орада бошқа ишлар билан ҳам шуғулланарди. У “DILDORA BREND XOUS” номли МЧЖнинг электрон калитини таниши орқали қўлга киритди. Кейин бухгалтер Нозима Алиева билан боғланиб, айрим фуқароларни гўёки корхонада ишлаган қилиб кўрсатишни сўради. Солиқ ҳисоботларига сохта маълумотлар киритилди. “my.soliq.uz” платформасида уларга ойлик ёзилди. Ҳақиқатда эса бу одамлар у ерда ҳеч қачон ишламаган эди.
Карим Асадов ҳам шундайлардан бири эди. У аслида мебель олиш учун кредит излаётган оддий йигит эди. Расмий иш жойи бўлмагани учун Ғанишер унинг номига ҳам сохта даромад чиқаришга уринди. Карим эса бу ишнинг ичида қандай ўйин кетаётганини тўлиқ тушунмаганди.
Ғанишер “Гўзал” кафеси орқасида кутиб турди. Ойсулув телефон қилиб, етиб келаётганини айтди. Кўп ўтмай икки аёл келди. Ойсулув сумкасидан пулни чиқарди. 200 минг сўмлик купюралар. Жами 30 миллион. Ғанишер пулга қўлини узатиши билан ортидан фуқаролик кийимидаги бир неча киши чиқди.
— Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган! — деган овоз янгради.
Ҳаммаси бир неча сонияда содир бўлди. Ғанишер аввал нима бўлаётганини англамай қолди. Кейин эса қўлидаги пуллар, атрофидаги одамлар, хизмат гувоҳномалари… ҳаммаси ҳақиқат эканини тушунди.
Кейин тергов бошланди. Пулларда “ПОРА” деган махсус белги борлиги аниқланди. Ғанишернинг қўлидан кимёвий излар чиқди. Диктафондаги ёзувларда эса унинг кредит эвазига пул талаб қилгани аниқ эшитиларди.
Судда Ғанишер кўп нарсани тан олди. У қилмишидан пушаймон эканини айтди. Икки нафар ёш фарзанди борлигини, оиласи қийин аҳволда қолишини йиғламсираб айтиб ўтди. Гувоҳлар бирин-кетин кўрсатма беришди. Бухгалтер аёл, электрон калитни берган танишлар, кредит олиш учун ёрдам сўраган одамлар…
Судда Ғанишерга икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.