Баъзан инсонни йўлдан оздириш учун бир лаҳзалик нафснинг ўзи кифоя қилади. Ўктамнинг ҳам лаҳзалик нафси ҳакалак отиб, нотўғри йўлни танлади…
2025 йилнинг баҳор ойлари эди. Телеграмдаги “Олмалиқ иш бор” гуруҳини кузатиб ўтирган Ўктам бир хабарга кўзи тушди. Бир аёл ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда ёрдам сўраб, гуруҳга ёзган эди. Шу пайт унинг хаёлига осон пул топиш фикри келди.
— «Мен ёрдам бера оламан», — деб ёзди у аёлга. Шу тарзда ҳайдовчилик гувоҳномасини осонгина қўлга киритиш пайида бўлган Гўзал билан суҳбат бошлади. Ўктам унга Тошкент ва Жиззахда юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлигини, улар орқали имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришини айтди. Бунинг эвазига эса 1300 доллар сўради.
Гўзал аввалига кўп иккиланди. Кейин, ҳисоб-китоб қилиб қараса, ўқиса ҳам шунча пули кетар экан. Кейин гўё рози бўлгандек кўринди. Улар 23 апрель куни Олмалиқ шаҳридаги “Korzinka” савдо мажмуаси олдида учрашишга келишиб олдилар. Вақт пешинга яқинлашганда Ўктам автотураргоҳга келди. Бироздан кейин Гўзал ҳам етиб келди. Улар қисқача суҳбатлашдилар.
— «Пулни олиб келдингизми?» — деди Ўктам. Гўзал сумкасидан 1300 доллар чиқариб, унга узатди. Ўктам у ёқ-бу ёққа аланглаб, пулни қўлига олиб санашга тушди. Шу пайт кутилмаган ҳолат юз берди. Бир нечта фуқаролик кийимидаги шахслар тезлик билан улар томонга келди.
— «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларимиз. Тезкор тадбир ўтказиляпти!» — деди улардан бири хизмат гувоҳномасини кўрсатиб.
Ўктам қўлидаги пулларга қўрқув билан қараб қолди. Ҳаммаси бир лаҳзада ўзгариб кетди. У қўлга олинди. Кейинчалик аниқланишича, пуллар махсус кимёвий модда билан ишлов берилган экан. Суд жараёнида Ўктам қилган ишини тан олди. Осон пул топиш орзуси уни қандай қилиб хато йўлга бошлаганини тушунмай ҳам қолди.
— «Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонман», — деди у судда. Суд унинг айби исботланганини инобатга олиб, унга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.