Нозим кичик бир кўчада ариқ ёқалаб уйига қайтиб келаётган эди. Қўлидаги қора рангли целлофан пакетдаги қизил-оқ капсулалар унинг қўлига тушганида, у етти ухлаб тушига ҳам кирмаган ҳолатга дуч келишни англамаётган эди..
Ҳаёт ҳар кимни турфа хил синовлар билан синайди. Баъзилар йўқчиликдан сабоқ олса, баъзилар иродасизлик сабаб, ҳаётини осон издан чиқаради. Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони бўлмиш Нозим Алиев ҳам ота-онаси вафотидан кейин жуда қийналди. Моддий томондан анча чўкиб қолди. Бир куни у кўча дўстларига қўшилиб, “пулли” ишга қўл урди. Унинг вазифаси “Акалари” берган “капсула”ларни эгаларига етказиб беришдан иборат эди.
Кечаси соат 23:30 лар чамаси у Жасур исмли йигит билан кўришиб, унга омонатни топшириш учун шаҳарнинг чекка жойига келди. Атроф қоронғу, шаҳар бўлса-да бўриларнинг увиллашига ўхшаш овоз қулоғига чалинди. Жасур анча ҳаяллаб қолди. Нозим уйига қайтай деб турганда ниҳоят Жасур келиб, ундан капсулаларни олиб кетиб, қўлига 200 доллар ташлаб кетди. У жуда ҳам хурсанд эди. Яқин орада қўлига доллар ушламай қўйганиданми, уни ҳидлаб қўйди.
Кундан-кун Нозимнинг мижозлари кўпая бошлади. Ўзи ҳам мижозларга нима сотаётганини билмас эди. Бугун яна бир “нозик” одам билан учрашув автомойка атрофига белгиланди. У мижозга 2 та капсулани берди ва 300 доллар олиб, энди ортига қараган эдики, уларни кузатиб турган фуқаролик кийимидаги шахслар кутилмаганда ўзларининг гувоҳномасини кўрсатиб, ўзларини ИИБ ходимлари дея таништирди ҳамда уларнинг ҳар бир ҳаракати видеога олинганини айтиб ўтди.
Суд Нозимнинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги ва оилавий шароитларини эътиборга олиб, уни ахлоқ тузатиш билан жазолади.
Муҳаммад Каюмов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.