Олмалиқ, Оҳангарон ва Ангрен атрофида яшаётган воҳа аҳли ўзларининг келиб чиқиши, қон-қариндошлик илдизлари нақадар қизиқарли эканини билишадими? Бугун биз дарсликларда ёзилмаган, фақат эски қўлёзма ва архивларда сақланиб қолган энг ҳайратланарли маълумотларни очиб берамиз.
«Қурама» сўзи ўзбек тилида «аралашганлар», «турли парчалардан йиғилган», «бирлаштирилган» деган маъноларни англатади. Бу этник гуруҳнинг шаклланиши тарих учун ҳақиқий ноёб ҳодисадир. Ҳатто воҳамиз кўркига кўрк қўшиб турган муаззам тоғ тизимига ҳам айнан шу этник гуруҳ номи берилган бўлиб, у Қурама тоғлари деб аталади.
Тарихий манбаларга кўра, бу халқ бир пайтлар воҳа ҳудудида муқим қолиб кетган кўчманчи қабилалар ҳамда маҳаллий ўзбек ва тожик аҳолисининг ўзаро чуқур аралашиб кетиши натижасида вужудга келган.
Хўш, бу этник гуруҳ таркибига қайси қадимги уруғлар кирган?
Архив ҳужжатларида қурамаларни ташкил этган қурамаликлар таркибида қадимий ва ўрта аср туркий қабилаларининг қуйидаги уруғ ва қабила вакиллари бўлгани қайд этилади: жалойир, керайит, уйшун, қанжиғали, ўнгут, етти уруғ, телов, мўғул, қангли, олчин, чигатой, дўрмон, қалмоқ, тама ва бошқалар.
Қурамаликларнинг айрим гуруҳлари қозиқ, қирғиз, қорақалпоқ ва туркман халқлари таркибига ҳам кирган.
Бу иттифоқ вақт ўтиши билан умумий маданият ва ўзига хос тил лаҳжасига эга бўлган ягона, мустақил ва меҳнатсевар этносга айланган.
Бу гуруҳнинг илдизи кўпчилик ўйлагандан ҳам теранроқ. XV асрга тегишли улуғ авлиё Хўжа Аҳрор Валийнинг «Вақфнома» қўлёзмаларида қурамалар аллақачон алоҳида ва нуфузли жамоа сифатида қайд этилган.
1785 йилга оид ҳужжатларда эса уларнинг ўта мустақил табиати, ёзда деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғуллангани, қишда эса қаттиқ қўриқланадиган Пискент, Бўка ва Қорахтой каби қўрғонларда яшагани ёзиб қолдирилган.
Қурама этник гуруҳининг тили ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжалари ва қозоқ тили ўртасидаги оралиқ ўринни эгаллаган ўзига хос қурама шеваси (лаҳжаси) ҳисобланади.
Бошқа уруғлардан фарқли равишда, қурама аёллари ўта жасур бўлиб, ҳеч қачон юзларини тўсишмаган. 1920-йиллардан кейин бу этник гуруҳ ўзбек миллати таркибига тўлиқ сингиб кетган.
Бугун биз мана шу муқаддас тупроқда яшар эканмиз, воҳамизнинг муаззам табиати ва унинг бағридаги Қурама тоғлари айнан шундай эрксевар, мард ҳамда бой тарихга эга бўлган аждодларимиз номини абадийликка муҳрлаб келаётгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди!
Хушвақт Эшбоев
оққа кўчирди.