Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида “Фуқароларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, шунингдек, 15-моддасида “Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари” белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 787-сонли қарорида чиқиндилар билан ишлаш механизми аниқ кўрсатиб берилган.
Олмалиқ шаҳри ҳудудида ҳам маиший чиқиндиларни жойлаштириш полигони мавжуд бўлмаганлиги сабабли, аҳоли хонадонларидан ҳосил бўлган маиший чиқиндилар Оҳангарон тумани “Убайт” қишлоғидаги полигонга олиб бориб жойлаштирилади. Шунингдек, Тошкент вилоятида қурилиш ва қайта таъмирлаш жараёнларида ҳосил бўладиган қурилиш-бинокорлик қолдиқларини қабул қилувчи иккита полигон мавжуд бўлиб, мазкур чиқиндиларни ҳудудда хизмат кўрсатувчи ташкилот билан алоҳида шартнома асосида олиб чиқиш белгиланган.
Бўлим томонидан олиб борилган назорат тадбирларига қарамай, 2026 йил бошидан жорий йилнинг июнь ойига қадар чиқиндилар билан боғлиқ 105 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91¹-моддаси 1-қисмига асосан 43 260 000 сўм миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Бундан ташқари, “Ҳилол”, “Чамбил”, “Зарбулоқ”, “Бўстон”, Абдулла Қодирий ва Чўлпон маҳаллаларида ноқонуний ташкил қилинган 10 дан ортиқ чиқиндихона махсус техникалар ёрдамида бартараф этилди. Бироқ шунга қарамасдан, айнан шу маҳаллаларда маълум ва номаълум шахслар томонидан чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ваҳолангки, шаҳардаги барча маҳаллаларда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, аҳолидан атроф-муҳитни асраш, белгиланган қоидаларга риоя қилиш ҳамда чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқаришга масъулият билан ёндашиш сўралади.
Йигитали ҚОсимов,
шаҳар Экополиция
бош мутахассиси.