Умр — узун йўл. Бу йўлда кимдир шошиб юради, кимдир секин. Кимдир елкасида орзуларини кўтариб кетади, кимдир эса армонларини. Биз эса ҳар куни бир-биримизнинг ҳаётидан бехабар ўтиб кетаётган йўловчилармиз. Лекин баъзан тақдир икки бегона одамни бир неча бекатлик йўлда учраштириб қўяди. Ана шу қисқа масофада бир инсоннинг бутун умри кўз олдингдан ўтиб кетади.
Менинг уйим шаҳардан анча олис. Ҳар тонг қуёш ҳам тўлиқ уйғонмасидан йўлга чиқаман. Автобус бекатида турли тақдирларни учратаман. Қўлида нон кўтарган онахон, уйқуси келиб турган талаба, ишга шошаётган ёшлар…
Ҳар куни бир автобус. Ҳар куни бир йўл. Ҳар куни бошқа-бошқа ҳаётлар…
Ўша куни ҳам одатдагидек автобусга чиқдим. Ёнимдаги ўринга қўшни қишлоқдан бир келин келиб ўтирди. Юзига қарасангиз, ҳали қаримаган. Аммо кўзларида чарчоқ бор эди. Шундай чарчоқки, уни тунги уйқусизлик ҳам, меҳнат ҳам эмас, йиллар давомида йиғилиб қолган алам бергани билиниб турарди. Аввалига ҳаводан, йўлдан, тирикчиликдан гаплашдик.
Кейин у бирдан:
— Кенойи, сизга маза… — деди.
Мен ҳайрон бўлиб юзига қарадим.
— Нега ундай деяпсиз? – дедим.
— Иккита ўғлингиз бор. Эрингиз ёнингизда. Ишингиз бор. Пул керак бўлса, маошингиз чиқади. Эрингиз ҳам топиб келади. Ҳеч ким сизга боқимандадек қарамайди…
Бу гапларда ҳасад йўқ эди. Фақат армон бор эди. Сўнг у ўз ҳаётини ҳикоя қила бошлади.
— Менинг бешта болам бор. Бештаси ҳам кўзимнинг нури. Лекин уларнинг ризқини топиш кундан-кун оғирлашяпти. Эрим эса… ўзига бошқа аёл топган. ҳар куни ўша ерда.
У шу жойда бир лаҳза жим қолди. Мен унинг йиғлашини кутдим. Аммо у йиғламади. Йиғидан ҳам оғирроқ сукут сақлади.
— Икки рўзғорни бирга тебратаман деб адо бўляпти. Ҳар куни уйда жанжал. Пул қаерга кетганини ўзимиз ҳам билмаймиз. Бир болага кийим олсам, қолган тўрттаси қараб қолади. Бирининг кўнглини олсам, яна тўрттасининг юраги оғрийди…Болаларимни отасидан бездирмай деб, ҳеч қачон ёмонламасдим. «Отанглар яхши одам», деб юрардим. Бир куни эшитиб қолдим…
Овози титраб кетди.
— Эрим болаларга: «Онангга ўхшаманглар», деб менинг унга ёқмайдиган томонларимни айтаётган экан…
У бошини эгди. Ўшандан кейин мен ҳам болаларга «Итга ўхшасанг ўхша, лекин дадангга ўхшама», дейман…
Автобус ичи жим. Одамлар тушиб-чиқяпти. Кимдир телефонда куляпти. Кимдир ойнадан ташқарига қараяпти. Аммо мен учун вақт тўхтаб қолган эди.
Мен ундан:
— Шу ҳаётга ўзингизни муносиб деб ўйлайсизми? — деб сўрадим.
У бир зум ҳам ўйламади.
— Билмадим… Балки гуноҳим кўпдир. Шунинг учун Аллоҳ жазолаяпти…
Бу жавоб юрагимни зирқиратиб юборди. Инсоннинг бошқалар чиқарган ҳукмга эмас, ўзининг ўзига чиқарган ноҳақ ҳукми энг оғири экан.
Мен унга қараб:
— Одам ўлдирганмисиз? Бировнинг ҳақини еганмисиз? Ўғрилик қилганмисиз? — дедим.
У қўрқиб кетди.
— Йўқ. Мен қотил эмасман. Нега ундай деяпсиз, — деди.
— Унда нима учун ўзингизни шунчалик ёмон одам деб ҳисоблайсиз? Бир гап айтсам, кўнглингизга олманг! Сиз умрингизнинг қотили экансиз!
У бир сўз демади. Фақат мийиғида аччиқ жилмайди. Шу пайт мен бир нарсани англадим.
Йўл давомида у эридан нолиди. Жазманини қарғади. Тақдиридан шикоят қилди. Лекин битта ҳам гапида ўзгариш истагини кўрмадим.
— Неча марта уйдан чиқиб кетдим. Яна қайтдим. Энди барибир. Ўлиб кет дейман-у, яшайвераман…
Мана шу «барибир» деган сўз мени ларзага солди. Бу қалбнинг секин-аста ўлиб бораётганининг белгиси эди.
— Ўқинг. Ҳунар ўрганинг. Ишланг. Китоб ўқинг. Ривожланаётган аёллар билан суҳбат қилинг. Ҳаётингизни ўзгартиришга кеч эмас, дедим.
У кулимсиради.
— Қариганда ўқиб нима қиламан?
Қарими? У атиги ўттиз ёшдан ошган эди… Ўттиз ёш… Баъзилар шу ёшда иккинчи мутахассисликни олади. Кимдир бизнес бошлайди. Кимдир тил ўрганади. Кимдир бутун ҳаётини қайтадан қуришга бел боғлайди. У эса ўз умрига аллақачон нуқта қўйиб бўлган эди. Кейинчалик бу оила ҳақида суриштирдим.
Эркак ўқиган, китоб ўқийдиган, дунёқараши кенг инсон экан. Аёл эса турмуш ташвишларидан ўзини ҳам, билимни ҳам унутиб қўйган. Вақт ўтган сари уларнинг суҳбатлари тугаган. Бир уйда яшаган икки бегонага айланишган. Оқибатда эркак ўзини тушунадиган бошқа аёл томон кетган.
Мен ҳеч қачон хиёнатни оқламайман. Хиёнатнинг оқлови йўқ. Аммо бир ҳақиқат бор: Муҳаббат фақат чирой билан яшамайди. Оила фақат фарзанд билан сақланмайди. Инсоннинг қалби ҳамсуҳбатга, тушунишга, маънавий ўсиш ва бирга ривожланишга муҳтож.
Азиз аёллар! Илтимос, ўзингизни унутманг. Фарзандларингиз учун яшанг, лекин ўзингиздан кечманг. Эрингизни севинг, шу билан бирга ўзингизни ҳам севинг. Чунки ўзини севмаган аёлни ҳеч ким узоқ вақт севолмайди. Китоб ўқинг. Бир саҳифа бўлса ҳам. Янги нарса ўрганинг. Ўқишнинг ёши йўқ. Орзу қилишнинг ҳам ёши йўқ. Энг муҳими, инсон ўзини ташлаб қўймаслиги лозим. Биз кўпинча хиёнатдан қўрқамиз. Камбағалликдан қўрқамиз. Ёлғизликдан қўрқамиз. Аслида эса энг катта фожеа бошқа ерда.
Инсоннинг қалбида «менга барибир» деган туйғу пайдо бўлган куни — унинг ҳаётидаги энг қоронғи кун бошланади.
Бефарқлик — муҳаббатнинг зидди эмас. Нафратнинг ҳам зидди эмас.
Бефарқлик — қалбнинг қабридир. Шунинг учун, азиз аёллар, ҳали кеч эмас. Агар нафас олаётган бўлсангиз, демак, Аллоҳ сизга яна бир имконият беряпти. Ўзингизни қайта кашф этинг. Қадрингизни билинг. Билим олинг. Ўсинг. Чунки фарзандларингизга қолдирадиган энг катта мерос — уй ёки мол-мулк эмас. Бу ўзини ҳурмат қиладиган, илмли, кучли ва ҳаётни яхши кўрадиган онадир.
Қалбингизни кемириб келаётган кечинмаларингиз бўлса, биз билан боғланинг:
+998978850530 Мухлиса.