Ёшлик — бебошлик, шошқинлик, тоғни талқон қилувчи давр. Бугунги кун ёшлари ҳар соҳада пешқадам. Дунёни ўзига, сўзига лол қаратаётган ёшлардир. Спортдан тортиб санъатгача, адабиётдан тортиб маданиятгача, таълимдар тортиб тарбиягача ёшларимиз дунёга кўзгу тутмоқда. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 30 июнь — Ёшлар куни деб белгилангандан буён мамлакатимизда ушбу сана тантанали нишонланади.
Шаҳримизда ҳам 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирлари кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротларга бой тарзда ўтди. «Металлург» маданият саройи олдида ўтказилган тантанали шоу-концертда қарийб 15 минг нафар шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбир шаҳар Маданият бўлими ҳамда «Металлург» маданият саройи ижодий жамоаларининг чиқишлари билан бошланди.
Байрам қатнашчиларини Олмалиқ шаҳри ҳокими Барҳаёт Мелиев табриклаб, ёшларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ва шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди.
Тантанали маросим давомида шаҳарда ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамкор ташкилотлар ва фаол ёшлар тақдирланди. Жумладан, «Чамбил», «Аҳмад Яссавий» ва «Ўзбекистон» маҳаллалари ёшлар етакчилари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими томонидан мактабни олтин медалга тамомлаган 43 нафар ўқувчига ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.
Байрамнинг энг қизиқарли қисми эса ўзбек эстрадасининг машҳур санъаткорлари иштирокидаги гала-концерт бўлди. Шоҳруҳхон, Достон Эргашев, Муҳаммадзиё ва Ёрқинхўжа Умаров ижросидаги энг сара хит қўшиқлар минглаб мухлисларга ҳақиқий байрам туҳфа қилди. Жонли ижро, замонавий саҳна безаклари ва ранг-баранг рақслар кечага ўзига хос шукуҳ бағишлади.