Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали тўловларни амалга ошириш, давлат хизматларидан фойдаланиш, мулоқот қилиш, онлайн савдо-сотиқ ва бошқа кўплаб қулайликлар кундалик турмушимизнинг бир бўлагига айланган. Бироқ ушбу имкониятлар билан бир қаторда кибержиноятлар ҳам тобора ортиб бормоқда. Шу боис ҳар бир фуқаро шахсий маълумотлари ҳамда молиявий хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Телефон орқали келган ҳар қандай хабар ёки қўнғироққа ишонишдан олдин унинг ҳаққонийлигини текшириш зарур. Агар яқинларингиз номидан пул сўралса ёки фавқулодда ҳолат ҳақида хабар берилса, аввало ўша инсоннинг ўзи билан бевосита боғланиб, маълумотга аниқлик киритиш лозим.
Айниқса, ота-оналар фарзандларининг интернетдан фойдаланиш маданиятига жиддий эътибор қаратишлари керак. Болаларга номаълум шахслар билан мулоқот қилмаслик, шахсий маълумотлар ва суратларни бегона инсонларга юбормаслик, интернет ўйинлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги шубҳали таклифларга алданмаслик ҳақида мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш муҳимдир.
Статистик маълумотларга кўра, Олмалиқ шаҳрида кибержиноятлар бўйича 2025 йилнинг биринчи олти ойи давомида 138 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 200 тага етган. Бу эса мурожаатлар сонининг 31 фоизга ошганини кўрсатади. Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки олти ойида киберфирибгарликлар натижасида фуқароларга 1 миллиард 851 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Бу рақамлар ҳар бир фуқаронинг киберхавфсизликка нисбатан масъулиятини янада ошириш зарурлигини кўрсатади. Зеро, киберхавфсизлик нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ҳар бир инсоннинг шахсий масъулиятидир. Огоҳлик ва эҳтиёткорлик орқали ўзингизни, оилангизни ҳамда мол-мулкингизни кибержиноятлардан ҳимоя қилишингиз мумкин.
Агар сиз киберфирибгарликка дуч келсангиз ёки шундай ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, вақтни бой бермасдан ички ишлар органларига мурожаат қилинг. Биргаликда ҳаракат қилсак, хавфсиз рақамли муҳитни барпо этиш ва кибержиноятларга қарши самарали курашишимиз мумкин.
Шавкат Йўлдашов,
Тошкент вилояти ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходими.