Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Биз банк хизматларидан фойдаланамиз, онлайн харид қиламиз, давлат хизматларини оламиз ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қиламиз. Афсуски, айнан шу имкониятлардан фирибгарлар ҳам фойдаланиб, одамларнинг шахсий маълумотлари ва пул маблағларини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Фишинг нима?
Фишинг — бу интернет фирибгарлигининг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, унда жиноятчилар ўзларини банк, давлат идораси, етказиб бериш хизмати ёки машҳур компания вакили сифатида таништиради. Улар юборган ҳавола орқали фойдаланувчини сохта сайтга киритиб, пароль, банк картаси маълумотлари ёки SMS орқали келган тасдиқлаш кодини олишга уринади.
Фирибгарлар телефон ёки ижтимоий тармоқ орқали «ҳисобингиз хавф остида» деган хабар юборади, машҳур брендлар номи билан чегирма ёки қимматбаҳо совғалар ваъда қилади, “Аккаунтингиз блокланади» деган баҳона билан зудлик билан ҳаволага ўтишни талаб қилади, таниш инсоннинг аккаунтини бузиб кириб, қарз ёки шошилинч ёрдам сўрайди, электрон почта орқали сохта ҳисоб-фактура ёки ҳужжат юбориб, файлни очишни сўрайди.
Ҳаволага босишдан олдин унинг манзилини диққат билан текширинг. Пароль ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга айтманг. Банк иловаларига фақат расмий дастурлар орқали киринг. Телефон ва компьютерингизда антивирус ҳамда хавфсизлик янгиланишларини доим ўрнатиб боринг. Ҳар бир муҳим аккаунт учун икки босқичли ҳимоя (2FA) ни ёқинг. Бир хил паролдан бир нечта сайтда фойдаланманг.
Агар ҳаволага босиб, шахсий маълумотларингизни киритган бўлсангиз, вақтни бой берманг:
Банк картаси маълумотлари киритилган бўлса, дарҳол банк билан боғланиб картани блокланг.
Барча муҳим аккаунтларингиз паролларини алмаштиринг.
Қурилмангизни антивирус орқали текширинг.
Ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беринг.
Интернетда ҳеч қандай ютуқ, чегирма ёки шошилинч хабар сизни эҳтиёткорликни унутишга мажбур қилмаслиги керак. Ҳар қандай шубҳали хабарни текширинг, расмий манбаларга ишонинг ва шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилинг.
Тошкент вилояти ИИББ
Кибержиноятларга қарши
курашиш бошқармаси.