Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник хусусиятдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларига ўзгартириш киритилди.
Энди видеоконференцалоқа орқали, яъни онлайн тарзда нотариал хизматлардан фойдаланишда аввал қўшимча равишда ундирилган 123 минг 600 сўмлик тўлов бекор қилинди.
Натижада фуқаролар нотариал ҳаракатни шахсан ёки масофадан туриб расмийлаштиришидан қатъи назар, хизмат учун бир хил нархда тўлов амалга оширади. Масофадан фойдаланиш учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.
Ушбу ўзгариш фуқаролар учун бир қатор қулайликларни яратади: нотариал идорага бориш ва навбат кутишга ҳожат қолмайди; онлайн хизмат учун ортиқча 123 600 сўм тўланмайди; хизматдан уйдан чиқмасдан туриб фойдаланиш имконияти кенгаяди; нотариал хизматлар янада қулай, арзон ва шаффоф бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда видеоконференцалоқа орқали 18 турдаги нотариал ҳаракат масофавий тарзда амалга оширилмоқда. Мазкур янгилик нотариат соҳасини рақамлаштириш ҳамда фуқаролар учун замонавий ва қулай хизматларни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир.