Олмалиқ давлат техника институти «Металлургия» йўналиши докторанти Саидаълохон Муталибхонов билан Хитой Халқ Республикасига уюштирилган илмий ва амалий сафар, у ердаги юксак технологиялар, маданиятлар тўқнашуви ҳамда миллий саноатимиз учун муҳим хулосалар ҳақида суҳбат.
— Ҳиндистон давлатидан кейин Хитой тупроғига қадам босганингиздаги илк ҳис-туйғулар ва таассуротлар қандай бўлди? Икки давлат мисолида сўзлаб берсангиз.
— Тўғрисини айтсам, Ўзбекистондан чиқиб, бунчалик қисқа вақт ичида Хитойга бораман деб ўйламагандим. Ҳатто институт комиссияси томонидан сафар учун танланганимдан кейин ҳам, режалар ўзгариб қолмасмикин, дея иккиланиб юрдим. Аслида, Хитой ҳукумати грантини қўлга киритганим боис, сентябрь ойида боришни режа қилиб, хаёлан тайёргарлик кўраётгандим. Аммо унгача мана шу ёзги мактаб дастурига 7 нафар талабага масъул раҳбар сифатида танландим.
Хитой тупроғига қадам босишим билан мени биринчи навбатда ҳайратга солган нарса — темир интизом ва тартиб бўлди.
Ҳиндистон билан солиштирганда фарқ жуда катта. Иккала мамлакат ҳам аҳолиси энг кўп, рақобат ўта шиддатли бўлган давлатлар сирасига киради. Бироқ Хитойдаги тартиб-интизом ва урбанизация тизими мутлақо бошқа даражада.
— Инсон янги давлатга борганда кўпинча маданиятлар тўқнашувига дуч келади. Сизни Хитойда, айниқса, Хэнань политехника университетида энг кўп ҳайратда қолдирган жиҳат нима бўлди?
— «Маданиятлар тўқнашуви» деганда, кўз олдимга биринчи навбатда шаҳарларнинг озодалиги ва яшиллиги келади. Жонли мегаполислар бўлишига қарамай, кўчаларда деярли бирорта чиқинди учратмадик.
Энг қизиғи, Чжэнчжоу (13 миллион аҳоли) ва Цзяоцзо (3 миллион аҳоли) каби улкан шаҳарларда бирор марта ҳам тирбандликка дуч келмадик. Бунинг асосий сабаби — аҳолининг тизимли равишда скутерлар ва электрокарларда, энг муҳими, қатъий тартиб асосида ҳаракатланишидир.
Шунингдек, Хитойнинг сув захираларидан фойдаланиш стратегияси ҳам таҳсинга лойиқ. Шарқда сув мўл, ғарбдаги Шинжон каби ҳудудлар эса чўлдан иборат. Мао Цзэдун давридаёқ (1950-йилларда) жанубдаги сувни шимолга йўналтириш бўйича бошланган йирик каналлар лойиҳаси бугун мукаммал ишлаб турибди. Биз Пекин ва бошқа йирик мегаполислардан ўтувчи ана шу сув каналларини ва улкан Жаозуо шахар сув лойихаси музейини бориб кўрдик. Экология ва оқилона бошқарув уларда энг устувор вазифадир.
— Дастур давомида Профессор Цзяньпин Ваннинг «Дронлар ва учувчисиз бошқариладиган аппаратлар» мавзусидаги маърузасида қатнашибсизлар. Бугунги кунда жуда оммалашган ушбу соҳадан ўзингиз учун қандай янги билим ва ғоялар олдингиз?
— Профессор Цзяньпин Ван Испаниянинг Каталония шаҳрида беш йил таҳсил олган, у ерда икки йил давомида профессор сифатида фаолият юритган кучли мутахассис. У киши бизга навигация ва локация тизимлари бўйича дарс ўтиб, кейин махсус полигонга олиб чиқди ва ўз қўлимиз билан дронларни бошқаришимизга имкон яратиб берди.
Бизни энг кўп мафтун этган жиҳат — Хитой профессорларининг инсонийлик фазилатлари, камтарлиги ва юксак муомала маданияти бўлди. Сиз бирор савол берсангиз ёки ёрдам сўрасангиз, улар ҳеч қачон бепарво ташлаб қўйишмайди, балки эринмай, ўз қўллари билан кўрсатиб, синаб кўришингизга кўмаклашишади. Албатта, бу ёндашув ортида хорижлик истеъдодли талабаларни ўз таълим даргоҳларига жалб қилиш, яъни ўзига хос таълим маркетинги ҳам ётибди.
— Хэнань политехника университети лабораторияларидаги илмий ишланмаларни кўздан кечирдингизми? Бизнинг ОДТИ лабораториялари билан солиштирганда, улардаги қайси технология ёки ёндашувни бизда ҳам жорий қилишни хоҳлаган бўлардингиз?
— Университет кампуси нақ 273 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унинг ичида бизнинг факультетлар даражасидаги алоҳида «мактаб»лар мавжуд. Бу ерда талабалар нафақат хоналарда, балки коридорларда ҳам планшетларини очиб, баланд овозда ўз мутахассислик фанларидан китоб ўқиб ўтиришганини кўрасиз. Ёнларидан одам ўтса ҳам чалғимасдан, илмга чанқоқлик билан ўз устиларида ишлашади.
Талабалар дарсдан сўнг спорт билан мунтазам шуғулланишади. Биз билан кунг-фунинг ватани айнан Хенан провинцияси хисобланаркан. Улар бу қадимий жанг санъатини Таи-чи деб номлашаркан. Биз хам Таи-чи машғулотларида бевосита қатнашдик. Дам олиш кунлари талабалар хордиқ чиқаришлари учун концертлар ташкил этилади.
Бу ерда энг диққатга сазовор жой — 11 қаватли улкан «Key Laboratory» (Калит лабораторияси) бўлди. Ушбу марказда барча соҳалар: геотехнология, физика, оптика, металлургия ва сунъий интеллект бўйича олиб борилаётган илмий изланишларнинг таҳлиллари ўтказилади. Лабораторияда саноат миқёсидаги натижаларни олишга қодир замонавий сўнгги авлод асбоб-ускуналар — XRD, XRF, SEM, TEM, EDS, ICP, FTIR жиҳозлари мавжуд.
Биздаги энг катта муаммо — таҳлил учун намуналарни бошқа шаҳарларга ташиб, вақт йўқотишимиздадир. Уларда эса бу муаммо илдизи билан ҳал этилган: олим тадқиқот ўтказади ва бир зумда аниқ натижага эга бўлади.
— Хитойнинг замонавий завод ва фабрикаларидаги автоматлаштириш даражаси сизда қандай таассурот қолдирди? Олмалиқ саноат муҳити учун у ердан қандай хулосалар олиб қайтдингиз?
— Сафар давомида бир нечта йирик ишлаб чиқариш корхоналарига бордик. Улардан бири — минг йиллик тарихга эга, тепаликлардаги махсус мармар тупроғидан классик услубда фарфор ва чинни идишлар ишлаб чиқарадиган ноёб керамика заводи бўлди.
Иккинчиси эса — глобал миқёсдаги йирик конвейер ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, йиллик даромади 600 миллион долларни ташкил этадиган «JZ Creation» компаниясидир. Улар Жанубий Америка, Африка ва Австралия каби қитъаларга ўз маҳсулотларини экспорт қилади. Корхона цехларини айланар эканман, у ерда қўлланаётган темир конструкциялар, ролик ва балкалар у қадар мураккаб эмаслигини кўрдим.
— Саноат шаҳри бўлган Олмалиқ учун у ердаги экология, яшил технологиялар ва хавфсизлик тизимларидан қандай тажрибаларни олиб келдингиз?
— 1980-йилларда Хитой иқтисодий ривожланиш йўлида экологик талабларга бироз кўз юмиб, глобал миқёсда СО2 газларини энг кўп чиқарадиган давлатга айланган эди. Аммо бугун вазият тубдан ўзгарган. Хитой ҳукумати яшил концепцияларни ишга солиб, қайта тикланувчи энергия (қуёш панеллари ва шамол генераторлари) бўйича дунёда пешқадамликни қўлга киритди. Экологик жиҳатдан йирик пўлат ёки мис ишлаб чиқарувчи гигант корхоналар атрофида «forestation» (ўрмонлаштириш) сиёсати жуда кучли йўлга қўйилган. Шаҳар ва заводлар атрофида бўй чўзган 30-40 метрли чинор ва бақатеракзорлар ҳавони зарарли газлардан тозалашга хизмат қилмоқда.
Олмалиқ ҳам саноат шаҳри. Демак, биз ҳам корхоналаримиз атрофини мана шундай тизимли равишда яшил камарлар билан ўрашимиз, сув ва ҳавони тозаловчи эко-технологияларни кенг жорий этишимиз шарт.
— «Хитойга бориш, бундай нуфузли дастурларда қатнашиш мен учун эмас» деб ўйлайдиган, ўзига ишончи камроқ бўлган ёшларга ушбу суҳбатимиз орқали нима деган бўлардингиз? Халқаро ёзги мактаблар эшигини очиш учун улар бугун ишни нимадан бошлашлари керак?
— Хитойда бўлганимизда Африка давлатларидан (Замбия, Кения, Танзания, Гана) келган жуда кўплаб талабаларни кўрдик. Хитой улар учун улкан грантлар ажратган. Чунки эртага улар ўз юртига қайтгач, Хитой технологияларини жорий қилишда муҳим кўприк вазифасини бажаради.
Бундай нуфузли дастурларда иштирок этиш учун ёшларимиз ишни қуйидагилардан бошлашлари керак:
- Тил ўрганиш. 2. Фаоллик.
— Хитой сафаридан сўнг яқин келажакдаги шахсий илмий режаларингизда ўзгариш қилиш нияти пайдо бўлдими?
— Албатта. Хитой халқи жуда камтар ва меҳнаткаш. 1,5 миллиард аҳолини боқиш ва уларни иш билан таъминлаш давлатнинг зиммасидаги улкан масъулият бўлгани боис, одамлар ўзига нисбатан жуда талабчан. Инглиз тили даражамни B1 дан C1 га кўтариш, янги халқаро грантларни ютиб, океан ортида ўқиш ва изланиш иштиёқи уларда жуда кучли уйғонди. Мана шу таассуротларнинг ўзиёқ сафаримиз беҳуда кетмаганини, миямиз бир жойда қотиб қолмасдан, дунёнинг кенг уфқларига очилганини англатади.











Суҳбатдош Дилдора Абдураҳмонова.