Бугунги кунда никоҳ шартномасига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Чунки у эр-хотин ўртасидаги молиявий муносабатларни олдиндан белгилаб бериш орқали келгусида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларнинг олдини олади. Оила кодексига мувофиқ, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасидаги мол-мулк муносабатларини тартибга солувчи келишув ҳисобланади.
У никоҳдан олдин ҳам, никоҳ давомида ҳам тузилиши мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам шартнома ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Шартномада умумий мулкдан фойдаланиш тартиби, улушларни белгилаш, оилавий харажатларни қоплаш механизми, ўзаро моддий ёрдам кўрсатиш шартлари ва никоҳ бекор қилинганда мулкни тақсимлаш қоидалари назарда тутилиши мумкин.
Муҳими, никоҳ шартномаси шахсий муносабатларга аралашмайди. У бола тарбияси, турмуш тарзи ёки шахсий ҳуқуқларни чеклаш воситаси бўла олмайди. Никоҳ шартномаси оилани бузиш учун эмас, аксинча, оилада очиқлик, ишонч ва ҳуқуқий аниқликни таъминлаш учун хизмат қилади.
Улуғбек Тўлаганов,
шаҳар адлия бўлими бошлиғи.