Айрим ҳолларда қарздор шахс ёки тадбиркор кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажариш учун етарли имкониятга эга бўла туриб, ўзини тўловга қобилиятсиз деб кўрсатиши ёки эълон қилиши мумкин. Бундай ҳаракат кредиторларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиши мумкин.
Қонунчиликда тўловга қобилиятсизликни сохта тарзда эълон қилиш муайян шартлар мавжуд бўлган тақдирда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик деганда нима тушунилади?
Сохта тўловга қобилиятсизлик — юридик шахс, жисмоний шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятлари, шунингдек солиқлар ва йиғимлар бўйича қарзларини иқтисодий жиҳатдан бажариш имконияти мавжуд бўла туриб, ўзининг ушбу мажбуриятларни бажара олмаслиги ҳақида қасддан эълон қилиши ҳисобланади.
Яъни, шахс амалда қарзларини тўлаш имкониятига эга бўлган ҳолда ўзини тўловга қобилиятсиз сифатида кўрсатса ва бу ҳаракат натижасида кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилса, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Бундай ҳолат учун қандай жазо белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 180-моддасига мувофиқ, белгиланган шартлар мавжуд бўлган тақдирда айбдор шахсга қуйидаги жазолардан бири қўлланилиши мумкин:
— базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима;
— 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
— 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
— 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Жазо тури ва миқдори ишнинг аниқ ҳолатлари, етказилган зарар миқдори ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Етказилган зарар қопланса, жавобгарлик қандай бўлади?
Қонунчиликда етказилган моддий зарарни қоплаш билан боғлиқ рағбатлантирувчи қоидалар ҳам мавжуд.
Жумладан, агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга нисбатан озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.
Бундан ташқари, жиноятни биринчи марта содир этган шахс жиноят аниқланган кундан бошлаб 30 кун ичида етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Шунинг учун тўловга қобилиятсизлик ҳолати ҳақида маълумот беришда ҳаққонийлик ва қонун талабларига риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Қарздорнинг амалда мажбуриятларини бажариш имконияти мавжуд бўла туриб, атайлаб ўзини тўловга қобилиятсиз деб кўрсатиши нафақат кредиторларнинг манфаатларига зарар етказиши, балки қонунчиликда белгиланган жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин.
У.А.Тулаганов,
Олмалиқ шаҳар адлия
бўлими бошлиғи.