Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимизда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмга етди. Иш ҳақи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал ўсиши 18,4 фоизни ташкил этган. Лекин республикадаги ўртача кўрсаткич бир нечта сабабга кўра ҳақиқий даражадан юқори шаклланмоқда.
Биринчидан, чораклик ҳисоботларда нисбатан иш ҳақи паст шаклланадиган кичик корхоналар, микрофирмалар ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналаридаги иш ҳақи ҳисобга олинмайди (чунки улар бир йилда бир марта ҳисобот топширади). Шу сабабли бу корхоналар қўшилган ҳамда қўшилмаган кўрсаткичлар орасида сезиларли фарқ мавжуд. Масалан, 2025 йил тўртинчи чорагида ўртача иш ҳақи 6,4 млн сўмни ташкил этган бўлса, кичик корхоналар, микрофирмалар ҳамда қишлоқ хўжалиги банд ходимлар ойлигини ҳам қўшиб ҳисоблаганда ўртача кўрсаткич 5,2 млн сўмни ташкил этган. Яъни бу икки кўрсаткич орасидаги фарқ 23 фоизни ташкил этади.
Иккинчидан, чораклик кўрсаткичнинг ўзида ҳам биргина Тошкент шаҳри ўртача кўрсаткичга доим катта таъсир ўтказиб келади. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида ўртача ойлик иш ҳақи 12 млн сўмни ташкил этган бўлса, энг кам иш ҳақи кузатилган Қашқадарё вилоятида ўртача иш ҳақи 4,9 млн сўм бўлган. Яъни ўртача Қашқадарёлик ўртача Тошкентликдан кўра 2,5 баробар камроқ маош олади.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда пойтахтда ойлик иш ҳақи бошқа вилоятларга нисбатан сезиларли даражада тез ўсди. Бу ўз навбатида Маошлар тез ўсаётган секторларнинг (банк-молия, ахборот алоқа) асосий қисми шаҳарда жойлашганлиги билан изоҳланади. Шу сабабли Тошкент шаҳри республикадаги иш ҳақини нисбатан юқори шаклланишига олиб келади.
Лекин биргина Тошкентнинг республикадаги ўртача маошга таъсири қанча? Яъни агар биз Тошкент шаҳрини чиқариб ташласак республикадаги ўртача кўрсаткич қанчани ташкил этади?
Тошкент шаҳрисиз ҳисобланган ўртача иш ҳақи жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 5,7 млн сўмни ташкил этди.