Муҳтарам ҳамшаҳарлар!
Қадрли меҳнаткаш олмалиқликлар, кончи ва металлурглар, ёшлар ва муҳтарам нуронийлар!
Авваламбор, барчангизни, сиз орқали
бутун шаҳримиз аҳлини энг улуғ, энг азиз айём —
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Бундан 35 йил олдин Ватанимиз дунёнинг тенг ҳуқуқли давлатлари қаторига кириш учун дадил қадам ташлаган эди. Ўтган даврда қанчалик қийин бўлмасин, Ўзбекистон кўп соҳаларда жаҳонга ўрнак бўладиган, ўз сўзига ва ўз ўрнига эга бўлган давлатга айланди. Минтақадаги таҳликали йилларда ҳам босиқлик ва оқилона сиёсат билан йўлида давом этди.
Бу ўтган давр Олмалиқ шаҳрини ҳам нафақат мамлакатимизда, балки, дунёда эътироф этиладиган шаҳарга айлантирди. Албатта, бу Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг тараққиёти, мегалойиҳаларнинг ишга туширилиши билан боғлиқ.
Шаҳримизда саноат ва ишлаб чиқаришнинг ривожланиб бориши аҳолининг ўсишига, аҳолининг харид қобилияти ривожига, талабнинг оритишига олиб келди. Ўз навбатида шаҳар иқтисодиёти ривожланиб, шаҳримиз тадбиркорлик эркин ва соғлом рақобатда ривожланадиган ажойиб майдонга айланди. Халқимиз турмуш даражаси ошди.
Камбағаллик даражаси аҳоли сонига нисбатан 1.7 фоизга, ишсизлик эса 3.6 фоизга тушди. Олмалиқ нафақат шаҳар аҳолисини, балки, қўшни туманлар, вилоятлар, ҳаттоки хорижий давлатлар фуқароларини иш билан таъминлаш салоҳиятига эга бўлди.
Аҳолининг оммавий ва мунтазам спорт билан шуғулланиш даражаси ортди ва бунинг учун зарур инфратузилма пайдо бўлди. Мактаб битирувчиларининг қарийб 70 фоизи олий таълимда ўқишни давом эттирадиган салоҳиятга етди. Тиббиётда, спортда, таълимда, ҳаттоки ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат муассасалари қаторига хусусий муассасалар кириб келди. Рақобат ортиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати кескин ортди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистон» тараққиёт стратегияси бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида ўз ижобий меваларини бермоқда. Ҳурматли Президентимиз сўнгги 10 йилда 5 марта Олмалиққа шахсан ташриф буюриб, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи учун муҳим ташаббус ва режаларни илгари сурдилар. Натижада шаҳар нафақат йирик саноат маркази, балки аҳоли яшаши учун шинам, замонавий ва яшил шаҳар сифатида бўй кўрсатмоқда. Сўнгги 2021–2025 йиллар ва жорий давр таҳлилига назар ташласак, шаҳримиз иқтисодиёти мисли кўрилмаган ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилдаги 32,4 триллион сўмдан 2025 йил якуни билан 54,8 триллион сўмга етди. Хизмат кўрсатиш ҳажми 1,4 триллион сўмдан 3,8 триллион сўмга, чакана савдо айланмаси эса 3,6 триллион сўмга етказилиб, аҳоли фаровонлиги манбаига айланди.
Бугун Олмалиқ шаҳри аҳолиси учун қўшалоқ байрам. Сабаби ҳурматли Президентимиз Фармонлари билан шаҳримизнинг 6 нафар фидоий инсонлари юксак давлат муҳкофотларига лойиқ кўрилдилар. Уларнинг барчасини самимий муборакбод этамиз.
Қадрли ва муҳтарам
ҳамшаҳарлар!
Ушбу улкан ютуқлар ва зафарли марралар — аввало, сизларнинг, фидокор ва меҳнаткаш Олмалиқ аҳлининг кеча-ю кундуз қилган ҳалол меҳнатингиз маҳсулидир. Барчангизга шаҳримиз равнақи йўлидаги хизматларингиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.
Сизларни яна бир бор Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан табриклаб, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, соғлик-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин, Янги Ўзбекистонимиз ва жонажон Олмалиғимиз гуллаб-яшнайверсин!