“Олтин дон” корхонасида Қозоғистондан келтирилган минглаб тонна буғдой сақланарди. Кундузи бу ерда ун ишлаб чиқарилар, кечаси эса фақат навбатчиларнинг қадам товуши эшитиларди.
Корхонанинг собиқ ишчиси Азамат бу заводда қайси жойда камера бор, қайси бурчак эса кўздан йироқ эканини зимдан кузатарди.
Ишдан кетганидан сўнг пул танқислиги уни қийнай бошлади. Шу пайтда у завод ишчиси Шуҳратни учратди. Шуҳрат ҳам оғир аҳволда эди — оила, рўзғор, етишмаётган маблағ.
— Бу ерда осон пул бор, — деди Шуҳрат бир куни.
— Қандай? — деб сўради Азамат, гарчи жавобни ич-ичидан билиб, ўзиниинг ҳам мақсади шу бўлса ҳам.
Улар биргаликда режа қилишди. Орқа дарвозада ҳеч қандай камера йўқлиги ёдга тушди. Бункерда буғдой кўп. Фақат юкни олиб чиқиб кетиш керак. Шу иш учун эса машина ва ишончли ҳайдовчи зарур эди. Шунда улар Равшанни эслашди. У “Лабо”да юк ташиб кун кўрар, тунги рейслардан қўрқмасди. Дастлаб у иккиланди. Аммо таклиф қилинган пулдан ўзини йўқотиб қўйди.
Биринчи кеча — 2024 йил 28 декабрь. Совуқ тун. Соат иккилар атрофида орқа дарвоза сим билан очилди. Бункердан буғдой қопларга солинди. Равшаннинг “Лабо”си келиб тўхтади. Бир марта. Икки марта. Учинчи марта. Ҳар сафар 15 қоп олиб чиқди. Буғдой Равшаннинг уйига ташилди. Эртаси куни буғдой сотилди. Харидор ҳам топилди. Пул қўлга тегди. Ҳар ким ўз улушини олди. Ҳамма нарсани режалаштирган уч паҳлавонлар қўшни цеҳдаги камераларни ўйламаганди-да.
8 январь кечаси улар яна уриниб кўришди. Лекин бу сафар заводда одам бор эди. Иш “ўхшамади”. ИИБ ишга киришди. Гувоҳлар гапирди.
Суд залида камерадаги ёзувлар очилди. Енгил топилган пуллар оғир жазога айланди. Равшан, Азамат ва Шуҳрат қилган ишларидан минг пушаймон бўлишди. Аммо вақтни ортга қайтариб бўлмас эди.
Судланган Р.Азизов, Ш.Раҳимов ва А.Атаевлардан “Олтин дон” МЧЖ фойдасига 19.341.000 сўм ундирилди.
М.Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.