Ҳаммаси оддий бир иш кунидан бошланган эди. 2023 йил 4 октябрь куни Козим Усаров БСКга ишчи сифатида кириб келганида, у бу жойда уни қандай оғир воқеалар кутаётганини билмасди.
Унинг вазифаси аниқ эди: ишчиларга моддий таъминотни тўғри тақсимлаш, асбоб-ускуналар жойида эканини назорат қилиш, хизматнинг издан чиқмаслигига жавоб бериш. Ер тўлалар, қувурлар, қоронғи йўлаклар — унинг кундалик юмушига айланган эди. 2024 йил ноябрда ташкилотга янги чилангар келди — Рамиз Азиев. Илк кунларидаёқ у ўзини бепарво тутаётгани билан кўзга ташланди. Бир куни Козим уни иш вақтида спиртли ичимлик ичиб олган ҳолда кўриб қолди. Ўша пайтда қаттиқ огоҳлантирди.
Козим ва Рамиз Увайсий маҳалласидаги 23 та кўп қаватли уйга масъул эдилар. Бу уйлар орасида Ойдин Ҳаёт кўчаси ҳам бор эди. Уй ер тўласи эса доим қоронғи, нам ва совуқ бўлар, у ерга тушган одамни ғалати сукут қаршиларди. 2024 йил 25 декабрь. Қиш ўз ҳукмини ўтказаётган, ҳаво оғир, кун қисқа эди. Соат тахминан 13:00 да Козим тушлик қилиб ўтирганида телефон жиринглади. Нотаниш овоз титраб гапирарди. У мушугини қидириб ер тўлага тушганини, у ерда қимирламай ётган, қонга беланган эркакни кўриб қолганини айтди. “Ўлиб қолгандек…” — деди у овозини пасайтириб.
Козим шу заҳотиёқ ўрнидан турди. Ойдин Ҳаёт кўчасига етиб келганида қиш совуғи ҳам юрагидаги ғалаённи босолмади. Ер тўла эшигининг қулфи синдирилган эди. Зиналардан пастга тушар экан, гўёки зиналар тугамаётгендек туюла бошлади. Ер тўлада эса қоронғулик ичида жонсиз тан ётарди. Юзлари қорайган, қон излари ҳали қуримаган эди. У дарҳол раҳбариятга ва маҳалла раисига хабар қилди. Орадан кўп ўтмай, ИИБ ходимлари келди. Атроф сукутга чўмди. Негадир иккинчи масъул — Рамиз Азиев кўринмади. Унинг йўқлиги қоронғу ер тўладаги энг оғир сукутдан ҳам қаттиқроқ эди.
Эртаси куни, 26 декабрь соат 13:00 да Рамиз Азиев ва Козим Усаров ИИБга чақирилди. Козимдан тушунтириш олинди ва у кетди. Рамиз эса қолдирилди. Шу куннинг ўзида ҳақиқат пардаси кўтарилди. Ер тўладаги ўлим тасодиф эмас эди. Тергов давомида аниқландики, ўша қоронғи ер тўлада инсон қўли билан инсон ҳаётига барҳам берилган. Қонга беланган ғишт — жиноятнинг гувоҳи эди. Рамиз Азиев қилмишини тан олди.
Рамизнинг айтиши бўйича, аёлига бегона рақам телефон қилган. Овозидан эркак киши эканлигини билиб қолиб, у эркакни ўзи ишлаётган ертўлага таклиф қилган. Асаб устида бечора йигитни ғишт билан уриб ўлдириб қўйган.
Рамиз Азиев 8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Жазо 2024 йил 27 декабрдан бошлаб ҳисобланди. Ўйламай қилинган иш инсоннинг бошига бало келтиради.
М.Тўйчиев.