Қрим–Конго геморрагик иситмаси табиий ўчоқли касаллик ҳисобланиб, касаллик асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилади. Бу касаллик қўзғатувчисининг манбаи бўлган каналар фаоллиги билан боғлиқ. Чунки каналар кунлик ўртача ҳарорат 10°С ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб, озуқа манбаи — иссиққонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.
Касаллик одамларга кана чаққанда, канани қўл билан олиб ташлаш ёки қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши орқали, шунингдек касал одамлар билан контактда бўлиш натижасида юқади. Касалликнинг яширин даври 1 кундан 14 кунгача бўлиб, ўртача 4-6 кунни ташкил этади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40°С гача), бош оғриғи, мушаклар, бўғинлар, қорин ва бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, ҳолсизлик кузатилади, кўнгли айниб қусади, ичи суюқ ўтади, юзи ва шиллиқ қаватларининг қизариши кузатилади.
Озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам ҳудди соғайгандек туюлади. Аммо сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи — геморрагик даври бошланади. Бу даврда бурундан қон кетиши, терида нуқтасимон қон қуйилишлар, укол қилинган жойларда қон қуйилишлар кузатилади. Қон қуйилиши ички аъзоларда (ошқозон-ичак, бачадон ва бошқаларда) ҳам рўй бериши мумкин.
Касал одам ажратмаларида (қон, қусиқ, сийдик ва бошқалар) кўп миқдорда вирус бўлиб, атрофдагилар учун катта хавф туғдиради. Агар ўз вақтида касалхонага мурожаат қилинмаса, кўп қон йўқотиш натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа аъзолар фаолиятининг чуқур бузилиши оқибатида бемор ҳалок бўлиши мумкин.
Касалликни даволаш фақат махсус стационарларда амалга оширилади. Уй шароитида даволаш мумкин эмас, бу бемор ҳаёти ва атрофдагилар учун катта хавф туғдиради. Касаллик барвақт аниқланиб, тегишли даво чоралари ўз вақтида кўрилса, беморлар тўлиқ соғайиб кетади.
Касалликни юқтирмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш лозим:
- Ҳайвон боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки табиат қўйнида дам олишга чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш.
- Каналарни яқинлаштирмайдиган репеллент воситалардан фойдаланиш.
- Чорва ёки уй ҳайвонларида кана пайқалса, уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг.
Эсда тутинг: кана одам танасига ўтгандан кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қулай жой (қўлтиқ ости, чатан, бўйин ва бошқа иссиқ ҳамда пана жойлар) қидиради. Агар бу пайтда кана аниқланса, резина қўлқоп ва пинцет ёрдамида олиб ташланг.