Бугунги кунда ёшлар саломатлиги, жисмоний маданият ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Айниқса, таълим тизимида соғлом ҳаёт тамойилларини илмий асосда жорий этиш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Шу йўналишда фаол илмий ва амалий изланишлар олиб бораётган ёш тадқиқотчилардан бири, ҳамшаҳримиз — Алижонова Шодия Абдумалик қизи жисмоний маданият ва соғлом турмуш тарзи соҳасида етук тажрибага эга мутахассислардан бири десак муболаға бўлмайди.
Қаҳрамонимиз нафақат илмий изланишлар билан, балки шахсий ҳаёт тажрибаси билан ҳам соғлом турмуш тарзини аҳолига тарғиб қилиб келмоқда.
У 22 йилдан буён спортнинг каратэ ва таеквондо йўналишлари билан шуғулланиб, 8 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ғолиби бўлган. Давлат гранти асосида Жисмоний тарбия ва спорт университетини аъло баҳолар билан тамомлаган.
Шодия Алимжонованинг “Ёшларнинг жисмоний маданияти ва соғлом турмуш тарзи контекстида педагогиканинг назарий-амалий жиҳатлари (Валеология фани тимсолида)” деб номланган илмий мақоласи Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорлигида ўтказилган “Инновацион таълим: ривожланиш ва халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасидаги “Таълим соҳасидаги фидойи хизматлари учун” номли илмий-амалий кўрик танловга қабул қилиниб, эсдалик нишони билан тақдирланди.
9 йил давомида 120 нафардан ортиқ ёшларга спорт сирларини ўргатиб, бугунги кунда ўндан ортиқ шогирдлари мустақил мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Ҳозирда эса Шодия Алимжонова Тошкент халқаро таълим университетида магистратура босқичида таълим олмоқда.