Ревматизм — бириктирувчи тўқималарнинг яллиғланиши билан кечадиган юқумли-аллергик касаллик бўлиб, асосан юрак, бўғимлар ва бошқа аъзоларнинг зарарланиши билан намоён бўлади. Ушбу касаллик кўпинча А гуруҳи бета-гемолитик стрептококк инфекцияси билан боғлиқ бўлиб, ангина, тонзиллит, гайморит ва тиш кариеси каби касалликлардан сўнг ривожланади.
Ревматизм кўпинча совуқ ва нам фаслларда учрайди. Айниқса 7–15 ёшдаги болалар орасида кўпроқ кузатилади, бироқ катталарда ҳам учраши мумкин. Касалликнинг ривожланишида ирсий мойиллик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Юқорида қайд этилган инфекцион касалликлар ўз вақтида даволанмаса, ревматизм ривожланишига сабаб бўлади.
Ревматизмда асосан йирик бўғимлар — тизза, болдир-товон, тирсак ва билак бўғимлари зарарланади. Бўғимларда кўчиб юрувчи, ассимметрик оғриқлар кузатилади. Шунингдек, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик ва ланжлик, иштаҳанинг пасайиши, тез чарчаш, эрталаб уйқудан турганда бўғимларда ҳаракат қийинлашиши кузатилади.
Ревматизм умумий қон таҳлили, қондаги оқсил фракциялари, C-реактив оқсил (CRP), ревматоид фактор ва электрокардиография (ЭКГ) таҳлиллари орқали аниқланади.
Ревматизмни даволашда антибиотиклар, айниқса, пенициллин гуруҳи препаратлари яхши самара беради. Яллиғланишга қарши дорилар сифатида: ревмоксика, мелаксикам, диклофенак, кетомак қўлланилади. Оғир ҳолатларда гормонал препаратлар буюрилади. Даволашдан сўнг профилактик мақсадда битсиллин терапияси ўтказилади. Даволаш муддати одатда 2 йилни ташкил этади, асоратлар бўлса, ревматолог назорати остида умрбод битсиллин терапияси тавсия этилади.
Ревматизм марказий нерв тизими бузилиш, юрак зарарланиши ва орттирилган юрак нуқсонлари, ревматоид полиартрит, ревматоид хорея, гломерулонефрит каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.
Касалликнинг олдини олиш учун иммунитетни мустаҳкамлаш, танани чиниқтириш, витаминларга бой озиқ-овқатлар истеъмол қилиш, томоқ, бурун, қулоқ ва тиш касалликларини ўз вақтида даволаш муҳим.
Юлдуз Абдуллаева,
2-Оилавий поликлиникаси
умумий амалиёт шифокори.