Осмонда ой ярим кўриниб, чегара сим тўсиқларига ўзининг хира нурини сочар, атрофда эса фақат шамолнинг увиллаши эшитиларди. Бу сукунат остида эса бир неча инсон тақдири ўзгариш арафасида турганини ҳеч ким билмасди.
Шуҳрат узоқ вақтдан бери уйқусиз эди. Унинг хаёлида биргина фикр айланарди — пул. Кўп пул. Тезда бойиб кетиш илинжида ҳар ишни “осон” бажарарди. Баъзи ҳолларда қилаётган иши нотўғрилигиини билса-да у ўзини оқлашга ҳаракат қиларди: “Ҳамма шундай қиляпти… мен ҳам яшашим керак…”
Бир неча ой аввал у Ярдамжон билан гаплашиб қолган эди. Суҳбат аввал оддий бошланган, кейин эса секин-аста хавфли йўналишга бурилганди.
— Тожикистонда танишларим бор, — деган эди Ярдамжон, паст овозда. — Агар хоҳласанг, яхши даромад қиламиз.
— Қандай товар? — деб сўради Шуҳрат.
Ярдамжон бир оз сукут сақлаб, шивирлади:
— “Ампицилин-сулбактам”… дори. Қиммат туради. Бу ёғини иккаласи телефон овозини пастлаб, суҳбатлаша кетди…
Кеч соат иккига яқинлашганда улар учовлон — Шуҳрат, Ярдамжон ва Қосим — машина ичида жим ўтиришарди. “Каптива”нинг ойнаси орқали чегара томон қарашар, ҳар бири бойиб кетиш йўлини топганидан ич-ичидан мамнун эди.
— Ҳаммаси тайёр, — деди Шуҳрат паст овозда. — Улар нариги томонда кутяпти. “Ампицилин-сулбактам” тайёр экан. Қосим ютиниб қўйди. У бу ишга пул учун рози бўлган, аммо ичида қўрқув бор эди.
— Ҳеч ким кўрмайдими? — деди у шубҳа билан.
— Йўқ, — деб жавоб қилди Шуҳрат ишонч билан. — Ҳаммаси келишилган.
Сим тўсиқ ёнига яқинлашганда ҳаво янада совуқлашди. Нариги томондан қоронғу ичида одамлар ҳаракати кўринди.
— Тезроқ! — деган овоз эшитилди.
Қутилар бирин-кетин симдан оширилди. Ярдамжон уларни қабул қилиб, ерга қўяр, кейин машинага ташишарди. Ҳар бир қути ичида “Ампицилин-сулбактам” флаконлари бор эди — жами 12 000 дона. Улар учун бу шунчаки дори эмас, балки пул манбаи эди.
Шуҳрат эса атрофга қараб турарди. У ўзини ғалати ҳис қилди. Негадир юраги тез ура бошлади. “Нима бўляпти?..” Бир зумга у орқага — ўтган ҳаётига назар ташлади. Оддий кунлар, тинч ҳаёт… ва ҳозирги тун.
— Бўлди, кетдик! — деди у шошилиб. Қутилар юкланди. Ҳаммаси тугагандек туюлди. Лекин айнан шу пайтда қоронғудан иккита машина чироғи ёниб, “Тўхтанг! Ҳаракат қилманг!” деган овоз янгради.
Қосимжон жойида қотиб қолди. Ярдамжон қўлидан қутини тушириб юборди. Шуҳрат эса бир зумда ҳаммасини тушуниб етди…
Судда уч “қаҳрамон»нинг жами 238 миллион сўмлик қинғир иши аниқланди. Уларнинг орасида Шуҳрат энг кўп надомат чекаётган эди. Нега десангиз қолган икки шериги бу иши орқали неча маротаба судланган, жиноий иш очилган йигитлар эканини суд залида билиб, кўксига муштлаётган эди. Уларнинг барчасига уч йилдан ошиқ қамоқ жазоси тайинланди.
Муҳаммад Каюмов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьяси.