Оила кодексининг 73-моддасига мувофиқ, ота-она болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга бўлиш билан бир вақтда уларнинг жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти учун масъул ҳисобланади. Ота-оналар фарзандларига таълим бериш, уларни жамиятда мустақил ҳаёт кечиришга тайёрлаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш вазифасини бажаради.
Қонунчиликка кўра, ота-она ўз фарзандларининг қонуний вакили ҳисобланади. Улар фарзандларининг ҳуқуқ ва манфаатларини судларда, давлат органларида ҳамда бошқа ташкилотларда алоҳида ишончномасиз ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ота-оналар фарзандларининг мажбурий таълим олишини таъминлаши шарт. Бу талаб боланинг келажакда муносиб ҳаёт кечириши учун муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.
Моддий таъминлаш масаласи ҳам ота-оналарнинг муҳим мажбуриятларидан биридир. Қонунчиликка мувофиқ, ота-она вояга етмаган фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаши шарт. Ота ва онанинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенг ҳисобланади. Бу тамойил оилада тенгликни таъминлаш ва боланинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Улуғбек Тўлаганов,
шаҳар адлия бўлими бошлиғи.