Эндиликда Ягона интерактив давлат хизматлар портали фойдаланувчилари хабарнома орқали суд мажлиси тўғрисида хабардор бўлиш ҳамда фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотлари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифага кўра, фуқароларга янада қулайликлар яратиш ва суд ишлари бўйича тезкор маълумот етказиш мақсадида Олий суднинг ахборот тизимлари Ягона интерактив давлат хизматлар портали билан интеграция қилинди.
Бунинг натижасида жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан суд мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва суд ҳақида олдиндан хабардор бўлиш имкониятига эга бўладилар.
Ушбу хизматнинг жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судга келиб-кетиш билан боғлиқ ортиқча харажатлари ҳамда вақт сарфини қисқартиришга хизмат қилади. Шунингдек, суд мажлиси иштирокчиларининг суд мажлиси тайинланганлиги ҳақида бехабар қолиши каби ҳолатларнинг олди олинади.
Мазкур янгилик суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва аҳолига қулайлик яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Раъно Масидиқова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси.