Бола ҳуқуқларини таъминлаш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида болалар ҳуқуқлари Оила кодекси ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун билан кафолатланган.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир бола туғилган пайтдан бошлаб муайян ҳуқуқларга эга бўлади. Бу ҳуқуқлар унинг шахс сифатида шаклланиши, эркин ривожланиши ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилади.
Оила кодексининг 65-моддасига мувофиқ, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг меҳр-муҳаббати ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқига эга.
Оила кодексининг 66-моддасига мувофиқ, бола ўз ота-онаси, бобо-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онанинг ажралиши ёки алоҳида яшаши мазкур ҳуқуқни чеклаш учун асос бўла олмайди.
Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳуқуқ Оила кодексининг 67-моддаси билан кафолатланган бўлиб, унинг ҳуқуқлари ота-онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор ҳамда суд томонидан ҳимоя қилинади.
Шунингдек, қонунчилик боланинг ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқини ҳам тан олади. Боланинг манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилинишида унинг фикри инобатга олиниши лозим. Боланинг исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқи ҳам унинг асосий шахсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Бу ҳуқуқлар боланинг шахсий дахлсизлиги ва шахс сифатида шаклланишининг муҳим элементи ҳисобланади.
Улуғбек Тўлаганов,
шаҳар Адлия бўлими бошлиғи.