Куйдирги ўткир юқумли касаллик бўлиб, организмнинг оғир заҳарланиши, иситма, септицемия, карбункулалар пайдо бўлиши ва ичак, кўпроқ ўпканинг зарарлиниши билан ажралиб туради. Куйдирги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик ҳамда кўпгина ёввойи ҳайвонлар, шунингдек, одам ҳам касалланади.
Куйдирги қўзғатувчиси касал ҳайвон организмида капсула ҳосил қилади, ташқи муҳитда эса спорага ўралиб олади. Спора бу микроб турини сақлаш учун хизмат қилади. Уларга кислород эркин кирганида 15°-42°С ҳароратда спора ҳосил бўлади.
Куйдирги касали билан кўпроқ қорамол, қўй – эчки, от ва туялар касалланади. Бу касалликдан ўлган ҳайвонларни ёриш ман этилади. Ёрилмаган жасадларда кудирги таёқчаси уч сутка давомида ўлади. Агар ўлик ёрилса куйдурги микроблари кислород ва иссиқлик таъсирида спора ҳосил қилади. Тупроқ ҳамда теварак-атрофдаги нарсаларда узоқ йиллар(30 йилгача) давомида сақланади. Шунингдек, ҳайвонларни агонал (ўлаётган) ҳолатда мажбурий сўйиш ҳам хавфлидир.
Куйдиргининг инкубацион (яширин) даври 1-3 кун, касалликнинг иккита шакли септицемия(қон тизими бўйича) ва карбункулёз(шишлар) шакллари фарқ қилади. Кечиши бўйича яшин тезлигида, ўткир ҳамда ярим ўткир шакллари фарқ қилинади.
Ушбу касаллик билан касалланган ҳайвонда ҳароратнинг 42°C га кўтарилиши, ҳолсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, сигирлар сутининг йўқолиши ёки бирдан камайиши, титроқ, юрак фаолиятининг бузилиши, кўринарли шилимшиқ қаватларнинг кўкариши билан намоён бўлади.
Шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими.