Бир ярим ёшида, гўдаклигида қон қуйиш жараёнларида ВИЧ инфекциясини юқтириб олган ва бугун 21 ёшида сокин, бир маромдаги ҳаёт тарзини бошдан кечириб келаётган дастурчи қаҳрамонимга қараб “Жасорат — қўрқмаслик эмас, қўрққан ҳолда ҳам олға юриш” деган жумлаларни эсга олдим…

“Мен вазиятнинг қурбони эдим”
Дониёр (исм-шарифлар ўзгартирилган), болалигингизни қандай эслайсиз?
— Ростини айтсам, мен касалликни эмас, одамларнинг муносабатини эслайман. Онамнинг айтишича, мен бир ярим ёшда қон қуйиш пайтида ВИЧ инфекциясини юқтириб олган эканман. Бу — менинг танловим эмасди. Мен вазиятнинг қурбони эдим. Онам бошиданоқ, ҳар қандай муносабатларга қарамай мендаги ҳолатни бировдан яширмади. Аксинча, ўзи кучли, саботли бўлгани ҳолда мени ҳам давраларга, дўстларимга, умуман жамиятга мослаштиришга ҳаракат қиларди…. Мана шу мавзуда гапирарканман, тоғамнинг уйида бўлган воқеа эсимга тушаверади: зарқоғозга ўралган хўрозқанддан татиб турганимда ёнимга тоғамнинг мен билан тенгқур ўғли келди ва мендан хўрозқанд татиб кўришни сўраганида унинг онаси биз томонга қараб бақирди: Хўрозқандни оғзингга олма!
“Касалликдан эмас, қарашлардан чарчаймиз”
— Тиббий томондан айтсам, бугунги дорилар билан яшаш мумкин. Инсон тўлиқ ҳаёт кечиради. Мен ишлайман, ўқийман, режалар қиламан. Касалликнинг ўзи даҳшатли эмас. Мамлакатимизда бундай беморларга эътибор яхши даражада, деб айта оламан. Масалан, биргина беморнинг бир йиллик дори –дармони учун салкам 8 минг АҚШ доллари атрофида маблағ сарфланишини яқинда ўқигандим.
Лекин ижтимоий муносабат… мана шу оғриқли…
— Одамлар билиб қолса, сенга бошқача қарай бошлайди. Қўлингни ушлашдан қўрқади. Бир столда ўтиришдан қочади. Аслида эса оддий мулоқот орқали вирус юқмайди. Лекин қўрқув — фактлардан кучлироқ бўлиб кетган…
Стереотиплар — энг оғир касаллик
Энг оғири — вирус эмас. Энг оғири — одамларнинг қараши.
“ОИТС, ОИВ фақат гиёҳвандлар ёки фаҳшга ботганлар касаллиги” деган қараш ҳалигача бор.
Аммо, ҳаёт бу тушунчаларни аллақачон рад этган. Вирус тиббий хатолик орқали ҳам юқиши мумкин. Вирус болага ҳам тегиши мумкин.
Вирус айбдор танламайди. Айб — бепарволикда.
Айб — жимликда.
Айб — хабардорликнинг етишмаслигида.
Шу ўринда мулоҳаза…
Журналистик фаолиятим давомида бу мавзуда кўпроқ ёзишга, одамлар бохабар бўлиши керак бўлган деталларни ёритишга ҳаракат қилдим. Ва бир нарсани айта оламанки, “ВИЧ бу — ҲУКМ эмас” …Бу мавзу йиллар давомида энг кам ёритилган, декабрь ойининг биринчи санасидагина эътибор қаратиладиган мавзу бўлиб қолгани бор ҳақиқат. Агар бирор бир мутассадди раҳбардан, шифокордан маълумот олмоқчи бўлсангиз бир талай қийинчиликларга дуч келишингиз бор гап. Бугун мана “қотиб қолган” стереотипларни парчалаб ташлаш вақти аллақачон келганлигини айтмоқчиман. Бу мавзуда одамларнинг хабардорлик даражаси қанчалик ортса ёки “ОИТС — гиёҳванд ёки фаҳшга ботган одамнинг касаллиги” деган нотўғри қарашларни ўзгартира олсак, бу инфекция билан ҳатто вояга етмаган болалар ҳам зарарланиши мумкин эканлигини кўрсата олсак — МАТБУОТ ЎЗИНИНГ ЯНА БИР САМАРАЛИ ЮРИШИНИ ҚИЛА ОЛГАН БЎЛАДИ…
Кодлар ортидаги кураш
Мақоламиз қаҳрамони — Дониёр бугун дастурчи. У ахборот технологиялари соҳасида ишлайди. Компьютер унинг учун фақат иш қуроли эмас — балки ўзини исботлаш майдони.
— Код ёзаётганда мен ўзимни эркин ҳис қиламан, — дейди у. — У ерда ҳеч ким мендан қўрқмайди. У ерда фақат билим ва меҳнат қадрланади.
— Менинг орзуим — шундай жамият қуришки, инсонни ташхиси билан эмас, қобилияти билан баҳолашсин…
Хулоса
ОИВ, ОИТС билан яшаётган инсонлардан қўрқиш эмас, билим билан ёндашиш керак. Чунки энг оғир яра — танадаги эмас, муносабатдаги ярадир.
Қаҳрамоним каби ёшлар биздан раҳм эмас, тенглик кутади. Балки ҳақиқий савол шундайдир: Биз уларни қабул қилишга тайёрмизми?
Дилафрўз Эгамбердиева, журналист.